БМТ Тараққиёт дастурининг Хоразм ва Урганчдаги инклюзив бизнес лойиҳалари ногирон қиз ва аёлларни ижтимоий ҳаётга жалб этиш, даромадларини ошириш ва жамият ривожланишига ўз ҳиссасини қўшишига имконият яратди. Бу ҳақда БМТТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси «Дарё»га хабар берди.
Фароғат Саъдуллаеванинг тикув корхонаси Урганчда нафақат ҳамёнбоп нархлар ва яхши сифат, балки ўз ходимлари билан ҳам машҳурдир. «Урганч миллий тикувчилик» корхонаси очилгандан буён бу ерда ногирон қиз ва аёллар ишлаб келмоқда. Бу иш улар учун фақатгина даромад манбаси бўлиб қолмай, ўзаро суҳбатлашиш, ўқиш, малака ошириш ва ўз салоҳиятини амалга ошириш учун қулай имконият ҳамдир.
Ушбу корхонанинг раҳбари Фароғат Саъдуллаева узоқ вақт давомида Урганчдаги 94-сонли махсус мактабда тикувчиликдан сабоқ берди. Ўқитувчи сифатида ўз фаолиятини тугатгандан сўнг, ўқувчиларининг илтимосларига кўра мазкур корхонани ташкил этди. 2013 йилда БМТ Тараққиёт дастурининг «Ўзбекистон Бизнес Форуми» лойиҳаси ва Sasol компаниясининг кўмагида Фароғат Саъдуллаева янги тикув машиналарини сотиб олиб, корхонасини кенгайтирди.
Бугунги кунда «Урганч миллий тикувчилик» корхонасида 30 га яқин маҳсулот турлари ишлаб чиқарилади. Миллий кийимлар, чойшаб ва бошқа уйга керакли маҳсулотлар шулар жумласидандир.
«Урганч миллий тикувчилик» корхонаси 200 дан ортиқ ногирон қиз ва аёлларга тикувчилик кўникмаларини эгаллашга ёрдам берди. Ушбу янги фаолият уларга доимий даромадга эга бўлиш ҳамда ўз ғоялари ва меҳнати жамиятга керакли эканлигини ҳис этишига имконият беради.
Хоразмда имтиҳондан ўтган ушбу инклюзив бизнес модели «Орол денгизи инқирози натижасида жабр кўрган аҳолининг ҳаётий фаолиятини таъминлаш» БМТ Қўшма дастури иштирокида Нукусда ҳам амалга оширилди. Ногирон қизлар ишлайдиган тикув корхонаси Қорақалпоғистон ногиронлар жамияти кўмагида ташкил этилган.
Изоҳ (0)