Тошкент вилояти ҳокими Аҳмаджон Усмоновнинг 14 декабрдаги қарорига мувофиқ, ташкилотлар, корхоналар ва муассасалар, шунингдек, хусусий шахсларга тегишли нотурар-жой объектларини ўз эгалари ҳисобидан ташқи видеокузатув камералари билан таъминлаш чоралари белгиланди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар бермоқда.
Вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳамда шаҳар ва туманлар ҳокимликларига жиноятчилик юз бериши эҳтимоли юқори бўлган, шунингдек, гавжум мавзе, кўчалар ва жойларни видеокузатув мосламалари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш ҳақида кўрсатма берилган.
Қарорда янги қурилаётган ва реконструкция қилинаётган барча нотурар-жой объектлари ва иншоотларида видеокамералар ўрнатишни назарда тутиш тавсия қилинган.
Хусусий уй-жой фонди, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектлари объектларига камераларни ўрнатиш эса тавсиявий характерга эга.
Айни вақтда, кўп хонадонли турар-жой уйларини видеокузатув билан таъминлаш хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати маблағлари ва уларга банклар томонидан ажратиладиган кредитлар ҳисобидан амалга оширилади.
Ижтимоий соҳа ва таълим муассасалари объектлари эса мазкур муассасаларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан камералар билан таъминланади.
2016 йилдан бошлаб вилоят умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасалари ва барча бюджет ташкилотлари харажатлари сметасига қўриқлаш хизмати харажатлари ҳам киритиш белгилаб қўйилган.
Қарорда белгиланишича, зарурат туғилганида, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида камераларнинг ёзувларидан фойдаланиш мумкин.
Аввалроқ Тошкент шаҳридаги маҳалла, мавзе ва кўчалар, шунингдек, нотурар-жой объектлари видеокузатув тизимлари билан таъминлана бошлангани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)