Наманганда абитуриентларни вилоятдаги олий таълим муассасаларига ўқишга киритиш учун «бункер» деб номланган махсус жойларни ташкил этган шахслар гуруҳи ҳибсга олиниб, жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда «Ҳуқуқ» газетаси хабар бермоқда.
Маълум бўлишича, Поп туманида истиқомат қилувчи Отабек Валиев абитуриентларни ноқонуний йўллар билан ўқишга киритиш мақсадида 2014 йилнинг июнь—июль ойларида 32 кишидан иборат уюшган жиноий гуруҳ ташкил қилади. Гуруҳ аъзолари орасида олий маълумотли ўқитувчилар ҳам бўлган.
Гуруҳи фаолияти учун Тўрақўрғон тумани Сайрам қишлоғидаги бир хонадонда, Наманган шаҳрида икки хонадонда «бункер»лар ҳозирланади, керакли жиҳоз ва компьютер техникалари билан таъминланади. Гуруҳга жалб этилган ўқитувчилар абитуриентлардан келадиган тест саволларига жавоб беришга шай туриши керак бўлган.
Шундан сўнг Отабек Валиев ўзига мурожаат қилган 57 нафар абитуриентнинг ҳар биридан тўлов-контракт ва давлат грантлари асосида Наманган Давлат университети ва Наманган муҳандислик технология институтига ўқишга киритиш учун 2,5 минг доллардан 6,5 минг долларгача пул олишга келишган.
«Энг асосийси, абитуриент З.Раҳимжонованинг отаси — уюшган гуруҳ аъзоси Н.Топилдиевдан 4,7 минг, абитуриент М.Юлдашеванинг акасидан 2,6 минг, Б.Яшнаржонов, Х.Раҳмонов, Д.Ҳомидов, Ф.Асқаров, А.Эргашев, М.Убайдуллаев учун О.Юлдашев орқали 5,2 минг, абитуриент Ш.Каримовдан 3 минг, Ш.Олимовнинг отаси Ш.Фозиловдан 3 минг, жами 18,5 минг долларни қўлга киритади», — деб ёзади газета.
Хабар беришларича, 2014 йил 1 август куни Отабек Валиев етакчилигидаги жиноий гуруҳ ташкил этилган «бункер»ларда абитуриентлардан юбориладиган тест саволларини кутиб турган вақтда, Миллий хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар бошқармаси тезкор ходимлари томонидан қўлга олинади.
«Жиноят ишлари бўйича Поп туман суди томонидан 32 нафар судланувчининг барчасига қонуний жазо тайинланди», — дейилади газета хабарида.