Лола Йўлдошева хонандалар фаолияти қаттиқ назорат остига олингани, ҳатто Instagram’даги шахсий саҳифа ҳам назоратга олинаётганидан афсусда эканлигини билдирди. Бу ҳақда у RedPen’га берган интервьюсида айтиб ўтди.
«‘Шоу-бизнес’ аталмиш кема бортидан тушиб қолиб, аслида бу кемада нималар бўлаётганини четдан кузатиш имконига эгаман. Фаолиятимиз жуда қаттиқ назорат остида қолганидан афсусдаман», — деди Лола.
«Бу худди қушнинг қанотини қайиришга ўхшайди. Ижодкор инсонни қаттиқ назорат қилиш имкони йўқ. Аҳвол шу даражага етиб боряптики, Instagram’даги шахсий саҳифа ҳам назорат қилинадиган соҳага айланмоқда», — деди хонанда.
«Тамом — сенда шахсий фотосуратларингни намойиш этиш имкони йўқ. Энди менинг шахсий ҳаётим — концертимни бекор қилиш учун бир сабаб», — дея қўшимча қилди хонанда Лола.
Маълумот учун, хонандалар фаолиятини «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси назорат қилиб, тартибга солади. Аввалроқ бошқа бир хонанда — Абдулла Қурбонов «Ўзбекнаво»дан миннатдорлигини билдирган эди.
Эслатиб ўтамиз, «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси 2015 йил июлида хонанда Лоланинг лицензиясини тугатган. Бунга сабаб бўлган Лоланинг шов-шувли либоси эса кимошди савдосида сотилиши кутилмоқда.