Лола Йўлдошева хонанда Райҳоннинг концертида кийиб чиққан қизил либоси бу қадар катта шов-шувларга сабаб бўлишини кутмаганини тан олди. Бу ҳақда у RedPen нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
«Тўғриси, кутмагандим. Омма икки лагерга бўлиниб қолди. Ҳозир мени лицензиядан маҳрум қилган тузилмани фаол қўллаб-қувватлаётганлар бор. Кимларнингдир яшашига халал бераётганимни тасаввур ҳам қилмагандим. Лекин мени қўллаб-қувватлаётганлар ҳам бор», — деди хонанда.
Лола бундай либосни саҳнага кийиб чиқиш маълум даражада жасорат эканлигини билган, лекин кейинги воқеаларнинг барчаси унга жуда ғалати кўринаётганини қайд этиб ўтди.
«Ёпиқ либос кийиб ҳам, қандайдир нотўғри ишлар қилиш мумкин. Белни очиқ қолдириб ҳам виждонли ва покиза инсон бўлиб қолиш мумкин. Ошириб юборгандирман? Балки, лекин бу саҳна кўринишимнинг бир қисми, холос. Охир-оқибат, мен расмий учрашувларга, болалар тадбирларига бундай либосда бормайман», — деди Лола.
Маълумот учун, хонанда Райҳоннинг 2015 йил февралида бўлиб ўтган концертида хонанда Лола томонидан кийиб чиқилган либос шов-шувларга сабаб бўлганди. Март ойида Лола Йўлдошева «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмасига «миллий менталитетга зид» либосларни бошқа киймасликка ваъда бергани маълум бўлди. Июль ойида «Ўзбекнаво» хонанданинг лицензиясини тугатганини эълон қилди ва изоҳ берди.
Изоҳ (0)