Кундалик эҳтиёж учун озиқ-овқат ва маҳсулотларнинг интернет орқали етказиб берилиши — жуда қулай. Бозор ва дўконларни айланиш учун вақт сарфлаш, маҳсулотлар солинган оғир сумкаларни кўтариб юриш керак эмас, сайтда буюртмани расмийлаштириш кифоя, буёғига фақат курьернинг юкни етказиб беришини кутиш керак.
Ўзбекистонда, электрон тижоратни ривожлантиришдаги қатор қийинчиликлар туфайли, тўлақонли интернет-дўкон деб аташ мумкин бўлган лойиҳалар ҳозирча жуда кам (фойдаланувчи маҳсулотни танласа, бироқ пулини маҳсулот етказиб берилганидан сўнг нақд кўринишда тўласа, бу — оддий витрина, буюртма учун сайтнинг ўзида тўловни амалга ошириш мумкин бўлса — дўкон ).
Ҳозирда Click, UzCard, Mbank тўлов тизимлари ривожланиб бориши билан «ҳақиқий» интернет-дўконлар пайдо бўла бошлайди. Тадбиркорларга тўлов тизимларидан нима керак? Асосан, комиссия учун паст фоиз. Ҳозирда тўлов тизимларининг энг кам фоизи 6 фоиздан бошланади, ушбу суммага тўловни амалга оширадиган банклар фоизлари ҳам киритилган. Хорижда бу интернет орқали сотиладиган маҳсулот ва хизматлар нархини кўтарадиган жуда катта фоиз деб ҳисобланади. Энг кўпи билан 2—3 фоиз кўрсаткичга эришилса, бу электрон савдо-сотиқ ривожланишига катта туртки берган бўларди.
Озиқ-овқатларни етказиб бериш бўйича биринчи интернет-дўкон бўлиб кўп йиллар давомида Korzinka.uz хизмати ҳисобланиб келди. Яқинда лойиҳа янги сайт билан қайтадан ишга туширилди, у ерда ушбу супермаркетлар тармоғидаги маҳсулотларни буюртма қилиш мумкин, бироқ тўлақонли дўкон (онлайн тарзда тўлаш мумкин бўлган) тармоқда ҳозирча йўқ. Буюртмалар учун тўлов улар етказиб берилганидан сўнг ҳозирча фақат нақд кўринишда амалга оширилади. Етказиб бериш такси хизмати орқали бўлади.
Arba.uz сервиси қулай хизматни тақдим этади — тўлов нақд пул, пластик карта ва сайтнинг ўзида Click.uz тизими орқали қабул қилинади. Лойиҳа ҳақида яхши фикрлар билдирилган, унинг ўз етказиб бериш хизмати ва мижозлар учун турли акциялари бор.
Arba.uz — уй учун озиқ-овқат ва маҳсулотлар етказиб бериш бўйича ҳозирча ягона «ҳақиқий» интернет-дўкон дейиш мумкин. Бир йил аввал бозорда яна бир лойиҳа eSavdo.uz мавжуд эди, у ҳам тўловни онлайн тарзда қабул қилиб, катта турдаги маҳсулотларни тақдим этар эди, бироқ айни пайтда лойиҳа ёпилган.
Жуда кўплаб савдо майдончалари бозорга чиққач, турли сабабларга кўра ёпилиб кетди. Яқинда Ўзбекистон бозорида 3—4 ой ишлашга улгурган Kaymu.uz халқаро лойиҳаси ёпилди.
Ушбу шарҳда қайси сервисларни унутиб қолдирдик? Сиз қандай сервислардан фойдаланасиз? Сизнинг фикрингизча, лойиҳалар нима сабабдан ёпилмоқда?
Лойиҳа «Дарё» ва StartupFactory.uz томонидан ишга туширилган.
Изоҳ (0)