Кембриж маликаси Кетрин илк марта малика Диананинг машҳур тожини тақди. Бу ҳақда Daily Express берган маълумотларга асосан «Газета.ru» хабар бермоқда.
Шаҳзода Уильямнинг турмуш ўртоғи шу безак билан Букингем саройида бўлиб ўтган дипломатик қабулда қатнашди. Тадбирда Елизавета II ва бошқа Британия қирол оиласи вакиллари иштирок этди. Кечада иштирок этган жами меҳмонлар сони 1 минг 500 га етди.
1913 йилда чиқарилган ва «Севги ришталари» дея номланган Кембриж тожини Елизавета II бувиси қиролича Мариядан мерос қилиб олган. 1981 йилда Елизавета II ушбу безакни малика Дианага шаҳзода Чарльз билан никоҳлашганда тўй совғаси сифатида берган эди.
Ўз навбатида, «Севги ришталари»ни Диана 1981 йил ноябрь ойида парламентнинг очилиш маросимида тақди. Кейинчалик малика Британия ва хорижда бўлиб ўтган турли тадбирларда айнан шу тожни таққан ҳолда иштирок этди. Бу унинг энг машҳур безакларидан бири эди. Диана шаҳзода Чарльз билан ажрашгандан кейин, 1996 йилда тожни қироличага қайтариб берди.
Изоҳ (0)