Халқаро оғир атлетика федерацияси (IWF) ижроия қўмитаси Болгария терма жамоасини 2016 йили Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпиада ўйинларидан четлатиш ҳақида қарор қабул қилди, деб хабар беради Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.
Бунга сабаб болгариялик оғир атлетикачиларни тез-тез допингга қарши кураш қоидаларини бузганлиги бўлди. Жумладан, жорий йилнинг март ойида Болгария терма жамоасининг 8 нафар эркак ва 3 нафар аёл спортчисида тақиқланган дори воситаларидан фойдаланганлиги аниқланган.
Бундан ташқари IWF Руминия терма жамоасидан битта Олимпия йўлланмани олиб ташлади. Бунинг боиси ушбу юрт вакилларидан саралаш мусобақаларида бир неча бор тақиқланган дори воситаларини истеъмол қилинганлиги аниқланган.
Халқаро оғир атлетика федерацияси, шунингдек, Хьюстон шаҳри (АҚШ)да ўтказилаётган жаҳон чемпионати баҳсларидан Тожикистон, Гондурас, Гватемала, Панама ва Сьерра-Леоне давлати терма жамоаларини четлатишга қарор қилди. Юқорида номлари зикр этилган давлат вакиллари допингга қарши кураш хизмати ходимларига ўзларининг қаерда эканликларини маълум қилмаганлиги боис, мана шундай кескин қарорга келинган.
Изоҳ (0)