Пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида 23 ноябрь куни Ўзбекистон ва Корея Республикаси ишбилармон доираларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди. Бу ҳақда «ЎзА» хабар бермоқда.
Ўзаро савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига бағишланган мазкур тадбирда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, савдо, сармоя, нефть-газ, геология ва минерал ресурслар, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, автомобилсозлик, озиқ-овқат ва кимё саноати, фармацевтика, транспорт ва транспорт коммуникациялари, логистика, ахборот технологиялари, электротехника, коммунал хизмат, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири ўринбосари Шавкат Тўлаганов, Корея Республикаси савдо, саноат ва энергетика вазири ўринбосари У Те Хи, Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ли Ук Хон мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар асосида барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади. Хусусан, Президентимиз Ислом Каримовнинг жорий йилнинг май ойида Корея Республикасига давлат ташрифи икки томонлама алоқаларни янада юқори босқичга олиб чиқди.
Ўзбекистонда Корея Республикасининг 72 етакчи фирма ва компанияси ваколатхонаси, ушбу мамлакат сармоядорлари иштирокида тузилган 439 корхона фаолият кўрсатмоқда. Улар нефть-газ, нефть-кимё, тоғ-кон металлургияси, машинасозлик, савдо, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати, соғлиқни сақлаш, электр техникаси каби қатор соҳаларда иш юритади. 2014 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2 миллиард АҚШ долларини, жорий йилнинг январь сентябрь ойларида 1,2 миллиард долларни ташкил этди.
Бизнес-форумда мамлакатимизнинг иқтисодий ва сармоявий салоҳияти, нефть-кимё саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, фармацевтика каби соҳалардаги имкониятлари хусусида сўз юритилди. Корея Республикаси ишбилармонлари мамлакатимиз иқтисодиётида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш кафолатлари, «Навоий», «Жиззах» ва «Ангрен» индустриал зоналаридаги катта қулайлик ва имтиёзлар билан атрофлича таништирилди.
Шу куни Ўзбекистоннинг қатор компания ва корхоналари ҳамда Корея Республикаси ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида кооперацион биржа бўлиб ўтди. Унда икки мамлакат тадбиркорлари ўзаро манфаатли ва истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш юзасидан фикрлашиб олди.
Изоҳ (0)