Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Фуқаро муҳофазаси институтида янги авария-қутқарув автомобиллари ва ускуналарини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди, деб хабар беради «ЎзА».
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ходимлари, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Тошкент шаҳар ва вилояти ҳокимликлари мутахассислари, журналистлар иштирок этди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хизматлари ва бўлинмаларини замонавий техник восита ва ускуналар, шунингдек, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобиль техникаси билан таъминлаш бу борада олиб борилаётган ишларнинг муҳим йўналишларидан биридир. Бу эса, ўз навбатида, уларнинг фаолияти самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Шу муносабат билан мамлакатда MAN ва Isuzu автомобиллари шассиси негизида авария-қутқарув машиналарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 2011 йилда дастлабки шундай автомобиллар қутқарув отрядлари ихтиёрига берилди. Ўтган вақт мобайнида мазкур автомобиллар олис аҳоли пункти ва туманларида ҳаво ҳарорати юқори ва паст даражада бўлган ҳолатларда ҳам ишлашга қодирлиги ва ишончлилигини намоён этди. Айни пайтда вазирлик ходимлари томонидан фойдаланилаётган автомобилларнинг 60 фоизи Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган. Жорий йилда Хоразм, Самарқанд ва Бухоро вилоятлари, шунингдек, Тошкент шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармаларига Isuzu авария-қутқарув машиналари, «Қамчиқ» қидирув-қутқарув отрядига 50 тонна қувватга эга MAN эвакуатори топширилди.
Тадбирда янги ускуналар ва ихтисослаштирилган автотранспорт воситаларининг имкониятлари намойиш қилинди.
Изоҳ (0)