Қирғизистонда Сиам эгизаклари бўлган опа-сингил Резахановалардан бири — Зита ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда республика соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматига таяниб, «Здравоохранение и наука» портали хабар берди.
24 ёшли Зита 29 октябрь, пайшанба куни полиорган етишмовчилиги туфайли оламдан ўтган. У сентябрда Москва ва Бишкек касалхоналаридаги икки йиллик даволанишдан сўнг ўзи туғилиб ўсган Чуй вилоятидаги қишлоғига қайтганди. Кейинги пайтда унинг бир кўзи кўрмай қолган, иккинчиси хиралашган, шунингдек, уросепсис ва бошқа бир қатор касалликлар қайд этилганди. Шу билан бирга, синглиси Гитанинг саломатлиги барқарор ҳолатда эканлиги айтилмоқда.
Зита ва Гита Резахановалар 2003 йили Москвадаги Филатов номли марказий болалар клиник касалхонасида уларни иккига ажратиш амалиёти муваффақиятли бажарилганидан сўнг кўпчиликка танилганди. Жарроҳлик амалиётининг мураккаблиги шундан иборат бўлганки, опа-сингил икки кишига уч оёқ ва умумий тосга эга бўлган.
Изоҳ (0)