Пентагон раҳбари Эштон Картер АҚШ Ироқ ва Сурияда қуруқликда ҳарбий операциялар ўтказишини маълум қилди. Мазкур режалар тўғрисида Картер АҚШ Сенатининг қуролли кучлар бўйича қўмитасидаги чиқишида ахборот берган, дея хабар қилади «РБК».
«Биз ҳамкорларимизнинг ИШИД марраларига ҳужумларини авиазарбалар ёки қуруқликдаги ҳаракатлар орқали қўллаб-қувватлашни давом эттирамиз», — дея таъкидлаган Картер.
Пентагон раҳбарининг айтишича, ИШИДга қарши курашда Америка армияси Ракка (террорчиларнинг Суриядаги маркази) ва Рамада (Ироқнинг Анбар провинцияси пойтахти) шаҳарларига эътибор қаратади. У Суриядаги исёнчилардан янги қуролли кучлар тузиш режаси барбод бўлганини тан олди. Картер АҚШнинг янгича ёндашуви жангариларга қарши курашаётган гуруҳларнинг синовдан ўтган етакчилари билан ишлаш, уларга қурол-яроғ бериш, ҳарбий тайёргарликдан ўтказиш ҳамда ҳаво зарбалари орқали қўллаб-қувватлашдан иборат бўлишини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ ИШИДнинг Суриядаги марраларига 2014 йил сентябридан бери авиазарбалар бериб келмоқда. Вашингтон ўшанда мазкур ҳарбий амалиётлар ҳаво ҳужумлари билан чекланиши тўғрисида баёнот берганди.
Изоҳ (0)