World Bikini Model 2015 танловида Ўзбекистон вакили Зара Кинг Гран-при ва Miss European Bikini унвонини қўлга киритди, деб хабар беради «Публика.uz».
Ушбу халқаро танловнинг финал босқичи 24 октябрь куни Мальта республикасининг пойтахти Валетта шаҳрида бўлиб ўтди. Дунёдаги энг гўзал спортчи қиз номи учун сайёранинг турли бурчакларидан келган 32 нафар иштирокчи беллашди.
Зара Бухорода дунёга келган, АҚШда таълим олган, ҳозирда эса Москвада доимий яшаб, ишлайди. Танловда у она ватани – Ўзбекистон номидан иштирок этди. У миллий либосда ижро этган ажойиб рақс томошабинлар ёдида қолди. Зара енгил атлетиканинг қисқа масофага югуриш категорияси бўйича разрядга эга.
«Гўзаллик бу ўзлигини англаш, ўзининг аждодларини ёдда тутишдир. Мен дунёнинг ярмини айланиб чиқдим, барча қитъаларда яшаб кўрдим, лекин мен ўз давлатим – Ўзбекистон қизиман. Бу ғалабамни ажойиб Ватанимга бағишлайман», — дейди Зара.
Изоҳ (0)