Microsoft компанияси Нью-Йоркдаги тақдимотида Surface Pro 4 гибриди, Surface Book биринчи ноутбуги, шунингдек, Microsoft Band иккинчи авлоди ва HoloLens’ни оммага намойиш этди. Бу ҳақда «Hi-tech.mail.ru» хабар беради.
Surface Pro 4 2736 х 1824 пикселли ва 267 ppi зичликдаги, 12,3 дюймли дисплейга эга. Гаджет Intel Core олтинчи авлод процессори билан сотувга чиқади. Унинг тезлиги олдинги авлодга қараганда 30 фоизга ошганлиги маълум қилинмоқда. Планшет саккиз мегапикселли камерага эга. Қурилманинг ўзи янада юпқароқ (8,4 миллиметр) ва енгилроқ бўлди. Унинг бошланғич нархи 899 доллар бўлиб, сотувга 26 октябрдан чиқади.
Surface линейкаси Surface Book ноутбуги билан тўлдирилди. Янги қурилма 267 ppi зичлик, 3000 х 2000 пикселли ва 13,5 дюймли дисплейга эга. Унинг иш жараёни учун энг янги Intel процессори жавоб беради. Surface Book’нинг экрани унинг клавиатурасидан ечиб олиниб, планшет сифатида қўлланилиши мумкин.
Гаджетнинг оғирлиги 720 грамм, қалинлиги эса 7,7 миллиметрдир. Клавиатура билан биргаликда эса унинг оғирлиги 1,5 килограммни ташкил этади. Уни 26 октябрдан 1499 доллардан харид қилиш мумкин.
Компания, шунингдек, Microsoft Band – фитнес-трекерининг иккинчи авлодини тақдим этди. Гаджетга организм ҳолати ва атроф-муҳитни кузатувчи 11 та турли датчиклар ўрнатилган. Microsoft Health дастури энди фаолиятнинг барча кўрсаткичлари бўйича янада тўлиқроқ статистик маълумотларни тақдим этади. Гаджет 30 октябрдан 249 доллар қийматида сотувга чиқади.
Microsoft HoloLens кўзойнаклари учун ҳам тақдимотдан вақт ажратди. Компания Project Xray номли ўйинни намойиш қилди. 2016 йилнинг биринчи чорагида ишлаб чиқарувчилар HoloLens учун дастурларни яратишга киришади.
Изоҳ (0)