Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида шахмат бўйича Жаҳон кубоги старт олди, дея хабар бермоқда ОламСпорт.
Дунёнинг кучли 128 нафар шахматчиси дона сураётган мазкур нуфузли мусобақа олимпия тизимида ўтказилиб, ҳар бир босқичдан сўнг мағлубиятга учраган иштирокчи турнирни тарк этди.
Жаҳон кубогида 35-рақам остида таснифланган 17-жаҳон чемпиони Рустам Қосимжонов 1/64 финал босқичида канадалик Алексей Ковалёв билан учрашди. Рейтингда рақибидан анча юқорида туришига қарамай, ўзбекистонлик шахмат устаси бу партияда дуранг билан чекланди. 12 сентябрь куни шахматчилар яна бир бор ўзаро тўқнаш келади.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳон кубогининг умумий мукофот жамғармаси 1,6 миллион долларни ташкил этади. Ғолиб шахматчи 96 минг долларга эга бўлади. Вице-чемпион 64, ярим финалчилар 40, чорак финалга етиб келган гроссмейстерлар эса 28 минг доллар билан мукофотланади.
Изоҳ (0)