Ўзбекистонда аҳоли турмуш тарзи фаровонлигини ошириш, иқтисодий барқарорликни сақлаб туриш, шунингдек, аҳоли, айниқса аёллар бандлигини таъминлаш мақсадида БМТ Тараққиёт дастури давлат тузилмаларининг кўмагида қишлоқ аҳолиси ўртасида маҳаллий ва чет эллик мутахассислар иштирокидаги маҳорат дарслари, тренинг ва семинарларни ташкил этишда ташаббус кўрсатмоқда. Бу ҳақда «UzDaily.uz» хабар беради.
Ана шундай тадбирлардан бири 27 майдан 17 июлга қадар Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида бўлиб ўтди. Унда туман аҳолиси табиий ипакдан қўлда гилам тўқиш бўйича таълим олди.
Маркетинг асосларини ўргатиш, амалий машғулотларни ўтказиш «Самарқанд-Бухоро ипак гилами» қўшма корхонаси мутахассислари кўмагида амалга оширилди. Тез кунларда Элбек маҳалласида ушбу ташкилот базасида, фабрика филиали тариқасида табиий ипакдан қўлда гилам тўқиш бўйича студия очиш режалаштирилмоқда. Унда юқоридаги курс битирувчилари иш билан таъминланади.
Изоҳ (0)