Ўзбекистонда 1 сентябрдан эътиборан мева-сабзавот маҳсулотлари, картошка, полиз экинлари ва узумни автомобиль транспорти орқали экспорт қилиш тақиқланди. Бу, «Norma.uz»нинг ёзишича, Вазирлар Маҳкамасининг 28 августдаги қарори билан белгилаб қўйилган.
Энди мева-сабзавот маҳсулотлари, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни экспорт қилиш фақат темир йўл ва ҳаво транспортида амалга оширилади. Ҳужжатда қайд этилишича, мазкур қарор кўрсатиб ўтилган маҳсулотлар экспортини тартибга солиш, экспорт қилишга доир контрактларни божхонада расмийлаштиришнинг янада очиқ-ошкоралигини таъминлаш ҳамда уларнинг республика божхона чегарасидан ноқонуний олиб ўтилишининг олдини олиш мақсадида қабул қилинган.
Қарорда қайд этилишича, 1 октябрдан бошлаб Ўзбекистонда мева-сабзавот маҳсулотлари, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни экспорт қилишда ноҳалол экспорт қилувчилар ва уларнинг муассислари реестри юритилади. Реестр Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги томонидан юритилиши қарорда белгилаб қўйилган.
Изоҳ (0)