Жорий йил рейсларнинг ҳаж зиёратига олиб бориш учун 3—14 сентябрь кунлари «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясининг Boeing русумли ҳаво кемаларида Тошкент, Наманган, Термиз, Бухоро, Урганч, Қарши ва Самарқанд шаҳарларидан учирилиши режалаштириб қўйилди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси расми сайти хабар бермоқда.
Ҳар йилги тажрибадан келиб чиққан ҳолда, Тошкент шаҳри зиёратчилари учиш вақтидан беш соат олдин сафарга тайёргарлик кўриш мақсадида тузилган жадвалга мувофиқ, «Новза» масжидига йиғилди. Уларга ўз гуруҳи раҳбари томонидан керакли тавсиялар ва кўрсатмалар берилди.
Зиёратчилар Тошкент халқаро аэропортига шинам автобусларда ташилди. Бугун, 3 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов раҳбарлигида Ўзбекистон ҳаж делегацияси, ишчи гуруҳи аъзолари, шифокорлар, ошпазлар ва зиёратчилардан иборат жами 400 дан зиёд зиёратчи Муборак Ҳаж ибодатини адо этиш ниятида икки рейсда Саудия Арабистонига жўнаб кетди.
Зиёратчилар Мадинаи мунавварада «Масжид ан-Набавий» дан унча узоқ бўлмаган «Жавҳарат ал-Аъсима» меҳмонхонасига ва Маккаи Мукаррама шаҳрида тўрт бинодан иборат ҳашаматли «Аброж Маса ал-Муҳаммадия» меҳмонхонасига жойлашади. Меҳмонхоналарда улар 3 маҳал миллий таом, иссиқ чой ва яхна ичимликлар билан таъминланади.
Изоҳ (0)