Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида бокс бўйича катталар ўртасида Осиё чемпионати баҳслари бошланди. Қитъанинг етакчи чарм қўлқоп усталари иштирокида ўтаётган мазкур йирик мусобақада Ўзбекистон шарафини ўн нафар боксчи ҳимоя қилмоқда, деб хабар берди Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати.
Ўзбекистонликлар орасида биринчи бўлиб рингга Муроджон Ахмадалиев (-56 кг) кўтарилди. Бангладеш вакили Муҳаммад Оҳидуззамон билан кечган беллашувда Муроджон катта устунлик билан (3:0) зафар қучди. Энди Муроджон Ахмадалиев 30 август куни ўтказиладиган нимчорак финал жангида Сангмёнг Хам (Ж.Корея)га қарши баҳс олиб боради.
Оғирлик вазни 64 килограммгача бўлган чарм қўлқоп усталари ўртасидаги мусобақада иштирок этаётган Фазлиддин Ғоипназаров эронлик Сейиддана Исмоилзодехга қарши рингга кўтарилади ва 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Энди у 31 август куни нимчорак финалда Самат Башенов (Қозоғистон) билан куч синашади.
29 август Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Элнур Абдураимов (-60 кг) ва Баҳодир Жалолов (+91 кг) дастлабки жангларини ўтказса, 30 август куни Ҳасанбой Дўстматов (-49 кг), Исроил Мадримов (-69 кг), Бектемир Мелиқўзиев (-75 кг) баҳсларга киришади. 31 август куни Шаҳобиддин Зоиров (-52 кг) ва Элшод Расулов (-81 кг), 1 сентябрда эса Рустам Тўлаганов (-91 кг) рингга кўтарилади.
Изоҳ (0)