Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 24 йиллиги арафасида ЎзА мухбири Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Памела Спратлен билан суҳбатлашди.
Суҳбат давомида Памела Спратлен Ўзбекистон ўтган 24 йил ичида мустақил давлат сифатида амалга оширган ислоҳотлари самаралари билан фахрланса арзишини таъкидлаб ўтди.
«Тошкент ва Самарқанд ўртасидаги тезюрар темир йўл алоқаси дейсизми, ахборот технологиялари соҳасидаги ютуқлар дейсизми ёки ёш авлодга инглиз тилини ўргатишга қаратилаётган эътибор дейсизми, умуман, барча соҳаларда қўлга киритилаётган муваффақиятлар Ўзбекистоннинг барқарор ривожланаётганидан далолат беради. Мамлакатингизда турли миллат ва конфессиялар ўртасидаги этник ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш, шунингдек, хорижий давлатлар, хусусан, АҚШ билан дўстона ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда», — дейди у.
Шунингдек, Памела Спратлен АҚШ ва бошқа халқаро шериклар ҳамкорлигида Ўзбекистонда одил судлов тизимидаги ислоҳотларни янада кенгайтириш мақсадида оммавий ахборот воситалари ва суд тизимининг ўзаро ҳамкорлигига бағишланган қатор тадбирлар ўтказилганлигини айтиб ўтди.
«Ўзбекистонга ташриф буюришимдан кўп ўтмай Хотин-қизлар қўмитасида бўлдим. Мамлакатингизда хотин-қизлар учун яратилган кенг имкониятлар билан танишдим. Биз хотин-қизлар учун яратилган бундай имкониятларни янада яхшилаш, уларнинг пухта таълим эгаллаши ва ҳаётдан тўла завқ олиши йўлида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш тарафдоримиз», — дейди Памела Спратлен.
Суҳбат сўнгида мухтор элчи мустақилликнинг 24 йиллиги билан табриклаб, АҚШ халқи ва элчихона ходимлари номидан Ўзбекистон халқига абадий тинчлик, фаровонлик, омад ва омонлик тилади.
Изоҳ (0)