Жиззах вилоятининг Зомин туманида йилига 200 минг дона компьютер монитори ишлаб чиқариш қувватига эга хорижий корхона ишга туширилди, деб хабар беради ЎзА.
Туман марказидаги Халқобод маҳалласида жанубий кореялик ишбилармонлар томонидан TRUST ELECTRONICS масъулияти чекланган жамияти шаклида ташкил этилган корхонада 70 янги иш ўрни яратилди. Уларнинг аксарияти касб-ҳунар коллежини битирган ёш мутахассислардир.
– Маҳалламизда мана шундай замонавий корхона ташкил этилгани жуда яхши бўлди, – дейди Зомин саноат касб-ҳунар коллежи битирувчиси Шаҳноза Бозорова. – Маҳалламизда мутахассислигим бўйича ишлаётганимдан хурсандман. Ҳамкасбларимнинг кўпчилиги мен каби ёшлар. Биз ишлаб чиқарган маҳсулотлар мамлакатимизнинг турли ҳудудларида сотилишини ўйласам, фахрланиб кетаман.
Корхона мутахассисларининг таъкидлашича, келгуси йил ишлаб чиқариш қуввати тўлиқ ўзлаштирилади. Бу, ўз навбатида, яна 150 дан зиёд янги иш ўрни яратиш имконини беради.
Изоҳ (0)