«Ўзнефтмаҳсулот» акциядорлик компанияси автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида юзага келаётган навбатларга изоҳ бериб, режадагидан қўшимча миқдорда бензин етказиб беришини маълум қилди.
«Айрим шов-шув ишқибозлари томонидан аҳоли орасида — ‘байрам арафасида АЁҚШларда автобензин бўлмас экан’, – деган шов-шув гап тарқатилмоқда. Бу хусусда ‘Ўзнефтмаҳсулот’ акциядорлик компанияси шуни ишонтириб баён қиладики, байрам арафасида ва ундан кейин ҳам ёнилғи ишлаб чиқаришни мумкин қадар кўпайтириш ҳисобидан АЁҚШларга нафақат режалаштирилган миқдорда, балки унга қўшимча миқдорда ҳам автобензин етказиб бериш мўлжалланмоқда», — дейилган «Ўзнефтмаҳсулот» баёнотида.
«Шуни таъкидлаш лозимки, юқорида баён этилган шов-шувларга учган автомобиль эгалари автобензинни керагидан ортиқ харид қилиб, ғамлаб олишга ҳаракат қилмоқда. Хусусан, айрим автомобиль эгалари ўз уйлари ёки гаражларида автобензинни захира қилиб қўйишга киришган. Бундан ташқари, чайқовчилик мақсадида АЁҚШларда автобензинни автомобиль бакини лиқ тўлдириб олиб, яқин-атрофда канистраларга бўшатиш ва яна автобензин олишга қайтиш ҳолатлари кўпайиб қолди. Ўрни келганда шуни алоҳида қайд этиш керакки, хавфли ёнилғи маҳсулотларининг махсус мослаштирилмаган жойларда сақланиши жуда кўнгилсиз воқеаларга олиб келиши мумкин», — дейилади компания хабарида.
«Статистик маълумотлардан кўриниб турганидек бунга автомобиллар сонининг йилдан йилга кўпайиб бораётганлиги ҳам муҳим омиллардан бири бўлиб хизмат қилмоқдаки, мазкур ҳолат, ўз навбатида, шубҳасиз автобензин истеъмолининг борган сайин ортиб боришига олиб келмоқда», — деб таъкидланган «Ўзнефтмаҳсулот» баёнотида.
‘Ўзнефтмаҳсулот’ акциядорлик компанияси мазкур вазиятни барқарорлаштириш учун нефтни қайта ишлаш заводларида автобензин ишлаб чиқариш миқдорини мумкин қадар кўпайтириш, шу жумладан, четдан қўшимча миқдорда углеводород хомашёсини келтириш ва истеъмолчиларни автобензин билан тегишли миқдорда таъминлаш юзасидан барча зарур чораларни кўрмоқда», — дейилади компания хабарида.
Изоҳ (0)