Қорақалпоғистон божхона бошқармаси Ўзбекистоннинг ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларидан ўзбошимчалик билан фойдаланишга уринаётган кимсаларнинг қилмишини фош қилди, деб хабар беради Давлат божхона қўмитаси.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда Мўйноқ туманида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида шу туманда истиқомат қилувчи шахснинг хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда, бу ерда 138 та қопда қиймати 214 миллион сўмдан ортиқ бўлган 4551 кг Артемий қисқичбақаси уруғлари яширин равишда сақланаётганлиги фош қилинди.
Шунингдек, тумандаги собиқ Мўйноқ балиқ консерва заводи ҳудудида ўтказилган тадбир давомида омборлардан бирига 236 та қопда қиймати 355 миллион сўмдан ортиқ бўлган жами 7551 кг мазкур балиқ озуқаси ноқонуний равишда сақланаётганлиги аниқланди.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.
Маълумот учун, Артемий қисқичбақаси уруғлари балиқчилик соҳасида муҳим аҳамият касб этиб, балиқлар учун озуқа ҳисобланади. Юқоридаги ҳолатларда эса улар Орол денгизидан ноқонуний равишда йиғиб олинган.
Изоҳ (0)