Озарбайжон пойтахтида маҳаллий клублардан бирида тўп сурувчи футболчининг қариндошлари томонидан калтакланган журналист ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда марҳум Расим Алиевнинг синглиси маълум қилди, дея хабар бермоқда «Эхо Москви» радиоси.
Журналистга 8 август, шанба куни ҳужум уюштирилган. Уни касалхонага қовурғалари синган ҳолатда келтиришган. Кечга бориб аҳволи оғирлашгач операция қилишган, аммо тонгда Алиев оламдан ўтган.
Расим ўлимидан аввал калтакланишини маҳаллий «Габала» футбол клуби ўйинчиси Жовид Ҳусаиновни танқид қилгани билан боғлаган. У бу футболчининг Кипр клуби билан бўлган ўйиндаги ҳаракатларини «тарбиясизлик» деб атаган эди.
Ҳуқуқни муҳофаза этиш идоралари Алиевнинг калтакланиши ва ўлимига ўз муносабатини билдирганича йўқ. Ҳалок бўлган журналист Озарбайжон ижтимоий-сиёсий ҳаётига доир чиқишлари билан танилган ва бир неча онлайн-нашрларда ишларди.
Охирги 10 йил мобайнида мамлакатда Алиевдан ташқари яна 2 нафар журналист ўлдирилган, бунинг айбдорлари ҳозиргача топилмаган.
Изоҳ (0)