XI Қозон халқаро мусулмон киноси фестивалининг саралаш комиссияси 700 дан ортиқ фильмни кўриб чиқиб, фестивалнинг танлов дастурида қатнашиши учун 25 давлатнинг 50 та кинолентасини танлаб олди, дея хабар бермоқда «РИА Новости» ташкилий қўмитага таяниб.
Асосий «Тўлиқ метражли бадиий фильм» танлов номинациясига ўзбекистонлик режиссёр Мансур Васатийнинг «Қудуқ» фильми ҳам кирди. Унга Қирғизистон, Туркия, Тожикистон, Ироқ, Эрон, Ҳиндистон, Россия ва бошқа давлатлар фильмлари рақобатчилик қилади.
Дастурга муаллифнинг диний эътиқодидан қатъи назар, тинчликпарварлик, диний бағрикенглик ва гуманизм ғояларига эга бўлган ҳамда умуминсоний, маънавий-ахлоқий қадриятлар ва маданий анъаналарни акс эттирувчи фильмлар саралаб олинади.
Эслатиб ўтамиз, тўғрилик, ҳалоллик, лафз, орият, ҳамият, меҳнатсеварлик каби чин инсоний фазилатлар ҳақида ҳикоя қилувчи «Қудуқ» фильми Ғафур Шермуҳаммад сценарийси асосида постановкачи режиссёр Мансур Абдухолиқов, постановкачи оператор Умид Маликов томонидан суратга олинган. Постановкачи рассом – Бектош Ражабов. Бош ролларни Муҳаммадисо Абдулҳайиров, Лола Элтоева, Абдухалил Мингноров, Юлдуз Ҳамидова, Фарҳод Худойбердиев ижро этган.