Андижон вилояти Андижон туманидаги Ўрикзор маҳалласида замонавий аквапарк иш бошлади, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўрт йиллиги байрами арафасида Андижон туманидаги «Осиё мустаҳкам бунёдкор» масъулияти чекланган жамияти бунёдкорлари томонидан барпо этилган мазкур иншоот андижонликлар учун ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди.
– Аквапарк «Трастбанк»нинг вилоят филиалидан олинган 1,5 миллиард сўм миқдоридаги имтиёзли кредит ҳисобига қисқа фурсатда бунёд этилди, – дейди «Осиё мустаҳкам бунёдкор» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Озодбек Маҳмудов. – Хориждан қарийб 1,5 миллиард сўмлик чўмилиш майдончалари, ускуна ва жиҳозлар келтирилди.
2,5 гектар ҳудудни эгаллаган аквапаркда болалар учун тўртта бассейн, чўмилиш ҳавзаси, кийиниш хоналари, душ мавжуд. Турли шакл ва ҳажмдаги фавворалар ҳам барчага яхши кайфият бахш этади. Сирпаниш қувурлари ўрнатилган майдонча ўзига хос кўринишга эга бўлиб, энг баланд сирпаниш қурилмасининг баландлиги 13 метрни ташкил этади.
Чўмилиш ҳавзасининг айланаси 170 метр, атрофида ўзига хос ландшафт яратилган. Дам олиш учун махсус жойлар мавжуд. Ҳавзада сув фильтрлаш ускунаси ёрдамида мунтазам равишда тозалаб турилади. Бундан ташқари, ёзги кафе, чўмилиш ашёлари сотиладиган дўкон мижозлар хизматида.
– Фарзандларим билан бу ерда маза қилиб чўмилдик, – дейди Андижон шаҳрида яшовчи Руфия Мадаминова. – Очиғи, бундай аквапаркни фақат киноларда кўрар эдик. Истиқлол шарофати билан халқимиз учун мана шундай дам оладиган, кўнгилочар иншоотлар барпо этилганидан хурсандмиз. Аҳоли манфаати йўлида амалга оширилаётган бундай эзгу ишлар учун Юртбошимиздан миннатдормиз.
Мажмуанинг ишга туширилиши билан 30 га яқин доимий иш ўрни яратилди. Бу ерда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари давом этмоқда.
Изоҳ (0)