Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Тошкентда ва бутун Ўзбекистонда ота-оналар болаларини ёпиқ автомобилларда ёлғиз қолдириб кетиш ҳолатлари кўпайгани қизғин муҳокама қилинмоқда.
Кўпчилик машинада кондиционер ишлаган бўлса ва у сояда қолдирилса, 10—15 дақиқа ичида ҳеч нарса бўлмайди деб ўйлайди. Қайд этилишича, бу хато фикр бўлиб, кўпинча соя тезда кетиб қолади ҳамда автомобиль салони ҳарорати 15 дақиқа ичида 21 даражадан 40 даражага кўтарилиши мумкин. Шундай ҳолатларда болаларни ёпиқ машина ичида қолдириб кетиш аянчли оқибатларга олиб келиши, ҳаттоки бу ўлим билан якунланиши ҳам мумкин.
«Carmanz.com» сайтида болани ёпиқ автомобилда ёлғиз қолдиришнинг кўплаб ёмон оқибатлари мисоллар билан келтирилган.
Ёлғиз қолдирилган бола машинани ҳаракатга келтириши мумкин: Саратовда олти ёшли бола машинани ёқиши оқибатида яқин атрофда ўйнаб юрган бошқа бола автомобиль тагида қолиб, ҳалок бўлган.
Эвакуатор ичида бола бўлган машинани олиб кетиши мумкин: Санкт-Петербургда эвакуатор нотўғри жойга қўйилган автомобилни олиб кетган, унинг ичидаги бола ухлаб ётгани туфайли инспекторлар уни пайқамаган.
Автомобиль ёниб кетиши мумкин: Уфада ёпиқ автомобиль ичида ёлғиз қолдирилган бола ёндиргич топиб олиб, уни ўйнай бошлаган ва ўриндиқни ёқиб юборган. Аланга тезда бутун автомобилга тарқаган. Сигнализация ишлагач, отаси болани машинадан чиқариб олган, бироқ у шифохонада ҳалок бўлган.
Машина болани бўғиб қўйиши мумкин: Буюк Британияда беш ёшли бола онаси электр таъминотини ўчиришни унутган автомобилида ўйнаётиб, ойна кўтаргич тугмани босиб юборган, ойна эса унинг бўйнини қисиб қўйган. Бола шифохонага олиб борилган, бироқ уни қутқариб қолишнинг имкони бўлмаган.
Қолдириб кетилган автомобиль аварияга учраши мумкин: Венгрияда ёш она боласини машинада қолдириб, ўзи сартарошхонага кириб кетган. Ярим соатдан кейин машинага катта тезликда ҳаракатланаётган микроавтобус келиб урилган. Болага хавфсизлик камари тақилгани туфайлигина жиддий жароҳат олмаган.
Қолдириб кетилган автомобиль ўғирланиши мумкин: Францияда номаълум шахслар ичида 10 ойлик қизча ва 3 ёшли бола бўлган машинани ўғрилаб кетган. Полиция йўқолган болаларни бир ҳафта излаган, улар якунда Германиядан топилган.
Салондаги жазирама ўлимга олиб келиши мумкин: Америкалик эркак Россиядан асраб олинган фарзандини автомобилда унутиб қолдирган, 10 соат қуёш тиғи остидаги машинада қолиб кетган бола ҳалок бўлган. Копенгагенда ҳам отаси машинада ёлғиз қолдириб кетган қизча жазирама туфайли вафот этган.
Қайд этилишича, кўпинча айнан эркаклар болаларни машинада унутиб қолдирар экан. Аёллар эса аксарият ҳолларда болаларни автомобилда унутиб эмас, балки атайлаб қолдиради — уларга жазо бериш ёки ишига халал бермаслиги учун, бу ҳам уларнинг ҳаракатларини оқламайди, албатта.
Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ўзлари ёки танишлари дуч келган шундай ҳолатлардан мисоллар ҳам келтирмоқда.
Жумладан, бир киши болаларини бозор олдида тўхтатган машинасида қолдириб кетгани, қайтиб чиқиши билан автомобилни юк машинаси уриб кетгани, яхшиямки бу пайтда болалар машинадан чиқиб, отасини бозор дарвозаси ёнида кутиб тургани маълум қилинган. Яна бир фойдаланувчининг сўзларига кўра эса, танишларидан бирининг фарзанди қолдириб кетилган автомобиль ичида ҳалок бўлган.
Шунингдек, бир киши етти ойлик болани беш ёшли қизча билан машинада қолдириб кетгани, эмизикли бола иссиқда қаттиқ безовталангани, ўтиб кетаётганлардан бири уларни ташқарига чиқариб тинчлантиргани қайд этилган.
Бундан ташқари, иссиқда қолдириб кетилган автомобиль ичидаги болани чиқариб олиш учун милиция ходимлари машина ойнасини синдириб, тез ёрдам чақиргани, кейинроқ унинг онаси дўкондан чиқиб келганига гувоҳ бўлингани айтилган.
Яна бир фойдаланувчи тақиқланган жойда қолдириб кетилган машинада уч ва бир ёшли болаларнинг устидан қулфлаб қўйилганини кўриб, уларни иссиқ автомобиль ичидан чиқариш учун ойнани синдирганини маълум қилган.
Шундай ҳолатларнинг олдини олиш учун ўткинчилар ҳам ёпиқ машиналар ичида болалар ёлғиз қолдирилганини кўрса, автомобиль эгасини чақириши, сигнализацияни ёқиши, у ён-атрофда бўлмаса, ойнани синдириб болаларни қутқариши лозим. Ота-оналар эса болаларни атайлаб автомобиль ичида ёлғиз ташлаб кетмаслиги, унутиб қолдирмаслик учун эса болалар борлигини эслатиб турувчи воситалардан фойдаланиши зарур.
Изоҳ (0)