Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ва «Тошкент оқшоми» газеталари таҳририяти ҳамкорликда никоҳ тўйи билан боғлиқ маросимлардаги айрим ҳолатларни тизимли ўрганишни мақсад қилди, деб ёзилади газетада эълон қилинган «Дабдабали машиналарда тўй сайлини ўтказиш бахт белгисими?» номли мақолада.
Мақолада бугун никоҳ тўйи маросимларида хизмат кўрсатувчи хориж автомобилларига ёшларнинг муносабати ҳамда ижтимоий тадқиқотлар натижалари билан таништирилган.
Никоҳ маросимларида автомобилларнинг нечоғлик аҳамият касб этиши ва бу борада ота-оналар, никоҳ ёшидаги йигит-қизлар фикрларини ўрганиш мақсадида Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасаларида таълим олаётган йигит-қизлар ўртасида ижтимоий тадқиқотлар ўтказилди.
Ижтимоий сўровларда иштирок этган йигитларнинг аксарияти никоҳ тўйига чет эл автомобилларини буюртма қилиш ниятида эканлигини билдирди. 20 фоиз бўлғуси куёвлар никоҳ тўйи маросимида автомобиль карвонидаги машиналар сони 10 дан ортиқ, 70 фоизи 4 тадан 10 тагача бўлиши, 10 фоизи 2 тадан ошмаслигини кўрсатиб ўтди.
Ижтимоий сўровларда йигитлар ўзлари учун маъқул бўлаётган автомобиллар русумларини ҳам белгилаган. Булар – Rolls-Royce Phantom, Mercedes-Benz W222, W221, W221 Pullman, BMW Z4, Porsche Panamera, Pontiac Sostice кабилардир. Номлари қайд қилинган автомобилларнинг хизмат кўрсатиш нархлари ўрганилганда 2 миллион сўмдан 6 миллион сўмгача эканлиги аниқланди. Тўй маросимлари учун мўлжалланган автомашиналар хизмати учун ҳақ тўлаш нархлари никоҳ ёшидаги йигитларнинг 70 фоизига иқтисодий қийинчиликлар туғдиришини, қолган 30 фоизи буни ота-оналари тўлаб беришини билдиришди.
«Шу ўринда муҳим бир мулоҳазани айтиб ўтиш жоиз. Бугунги кунда Ўзбекистонда барча замонавий талабларга жавоб берувчи автомобиллар ишлаб чиқарилмоқда. Лекин нима учун айрим ёшларимиз тўй сайрларида хорижда чиққан машиналарда юришни исташади?», − дейилади мақолада.
Бу масала юзасидан йигитларга: «Никоҳ тўйида келин-куёв учун қандай автомобиллардан фойдаланган бўлардингиз?» – деган савол билан мурожаат қилинганда, уларнинг айримларининг фикрига кўра, чет эл автомобиллари гўё бўлғуси куёвтўраларнинг обрўсини кўтарар эмиш.
Тўй маросимини ўтказиш – кўп жиҳатдан оиланинг иқтисодий шароитига боғлиқ. Ёш оила қурувчиларнинг тўй маросимини ўтказишда нечоғлик оилавий шарт-шароитларни ҳисобга олиши ўрганилганда, иштирокчиларнинг 35 фоизигина оилавий шароитлардан келиб чиққан ҳолда никоҳ тўйига автомобиль буюртма қилишини, 65 фоизи ўз хоҳиш-истаклари устунлигини таъкидлаб ўтди.
Хўш, дабдабали автомобилларда сайр қилиш фақатгина йигитларнинг «орзу-ҳаваси»ми ёки қизлар ҳам йигитлардек фикрлайдими?
Бу масалага ойдинлик киритиш мақсадида турмуш қуриш ёшидаги қизлар ўртасида ҳам ижтимоий сўровлар ўтказилди. Сўровларда иштирок этган қизларнинг 90 фоизи никоҳ тўйининг кўнгилдагидек ўтишида автомобиллар русуми ва сони аҳамиятли эмаслигини, тўй маросимлари бўлғуси оила аъзоларига қийинчилик туғдирмаслиги лозимлигини қайд этиб ўтди. Шунингдек, тўй маросимларида Ўзбекистонимизда ишлаб чиқарилган автомобилларда сайр қилиш улар учун фахрли бўлишини таъкидлади. Қолаверса, турмуш қураётган қизлар қимматбаҳо автомашиналар хизматидан фойдаланмасдан, унга сарфланадиган маблағ эвазига рўзғор учун муҳим бўлган, кундалик ҳаётда фойдаланиладиган маиший техника воситаларини харид қилиш мақсадга мувофиқ эканлиги тўғрисида фикрлар билдирди.
Тўй маросимларини ўтказишда ҳар жиҳатдан ота-оналарнинг фикри устун бўлиши керак. Чунки тўй маросимида сарф-харажатларнинг асосий қисми улар маблағи ҳисобидан бўлади. Тўй маросими учун автомобиль танлашда ҳам ота-онанинг қарори муҳим аҳамият касб этади.
Ота-оналар ўртасида ўтказилган ижтимоий сўровларда уларнинг 70 фоизи никоҳ маросими учун автомобиль ёллашда иқтисодий қийинчилик ҳолатлари келиб чиқаётганини, 30 фоизи эса фарзандининг хоҳишини амалга ошириш муҳимлигини таъкидлаб ўтди.
Ота-оналарнинг 85 фоизи тўйларда хизмат кўрсатаётган автомобилларнинг нархлари уларни қониқтирмаслиги ва аҳоли турли қатламларининг иқтисодий даромадлари ҳисобга олинмасдан белгиланаётгани юзасидан ўз эътирозларини билдиришди. Шунингдек, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобиллардан фойдаланишнинг ҳар томонлама қулайлиги ота-оналар томонидан эътироф этилди.
Бундан ташқари, сўровлар даврида хориж автомобиллари учун тўловларнинг ноқонуний равишда чет эл валютасида тўланиши шарт қилиб қўйилаётгани ойлик маошини миллий валюта ва пластик карточкалар орқали оладиган аксарият ота-оналар учун катта қийинчилик туғдираётгани аниқланди. Сўров иштирокчиларининг 85 фоизи ушбу хизмат турларини кўрсатувчи жисмоний шахслар фаолиятини ноқонуний фаолият деб билишини, хизматлар лицензияга эга эмаслигини кўрсатиб ўтди.
Ўтказилган ижтимоий сўровлар якунларига кўра, тўй маросимида чет эл автомобилидан фойдаланишга асосан, йигитлар иштиёқманд бўлиб, улар учун бундай автомобиллар хизматидан фойдаланиш сохта обрў орттириш воситасига айлангани маълум бўлди. Улар томонидан ота-оналарга турли талабларнинг қўйилиши, иқтисодий қийинчиликлар билан бирга, кўплаб келишмовчиликларга ҳам сабаб бўлмоқда.
Шулардан келиб чиқиб, ижтимоий тадқиқот давомида мазкур ҳолатларнинг олдини олиш, тўйларни ихчам ва камхарж ўтказиш юзасидан билдирилган қуйидаги таклифлар ҳавола этилган.
Аввало, автомобиллар орқали хизмат кўрсатувчи шахслар фаолиятини қонуний тартибда йўлга қўйиш, нархларни камайтириш ва назорат қилиш, хизматлар учун тўловни миллий валютада нақд ёки пластик карточкалар орқали амалга оширишни жорий этиш, шунингдек, тўй маросимларидаги автомобиллар сонини камайтириш, тегишли ташкилотлар томонидан никоҳ ёшидаги ёшларга, айниқса, йигитларга тўйларни ихчам ва камхарж ўтказиш бўйича атрофлича тушунтириш ишларини олиб бориш, мазкур масалани кенг жамоатчилик иштирокида телерадиоканаллар орқали ёритиш, босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида мавзу юзасидан мунтазам мақолалар бериб бориш ҳозирги куннинг долзарб масалаларидан ҳисобланади.
Бу ишларни амалга оширишда жамоат ташкилотлари фаолиятини кучайтириш – жуда муҳим. Жумладан, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати никоҳ ёшидаги йигит-қизларимиз ўртасида никоҳ маросимларини тартибли, урф-одатларимизга мос равишда ўтказиш юзасидан тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириши зарур.
Маҳаллаларда обрў-эътиборли отахону онахонларнинг тўй қилаётган оилаларга тўй маросимларини ўтказиш юзасидан ўз ҳаётий тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда фойдали ва ўринли маслаҳатлар бериб бориши никоҳ маросимларини ихчам ва файзли ўтказишда дастуруламал бўлиб хизмат қилади.
«Ушбу таклифларни ҳаётга татбиқ этиш ҳар биримиздан жиддий эътибор ва юксак масъулият талаб қилади. Қолаверса, тўй маросимларида урф бўлиб бораётган турли иллатларнинг олдини олиш – бевосита таълим-тарбия ишларини самарали ташкил этишга ҳам боғлиқ. Кундан-кунга ғарб мамлакатларидан ҳаётимизга кириб келаётган ёт одатлардан кўра ўзимизнинг миллий урф-одатларимизнинг тўй маросимлари билан боғлиқ нодир кўринишларини кенгроқ тарғиб қилишимиз лозим», − дейилади мақола сўнгида.
Изоҳ (0)