Франция ташқи ишлар вазири Лоран Фабиус АҚШ махсус хизматлари томонидан Франциянинг уч президенти телефонлари эшитилиши ҳақидаги хабарлар туфайли АҚШнинг Париждаги элчиси Жейн Хартлини чақиртирди, деб хабар бермоқда Meduza.
Аввалроқ, Франция ҳукумати расмий вакили Стефан Ле Фоль АҚШ махсус хизматларининг Франция президентларига нисбатан разведка фаолияти иккала мамлакат ўртасидаги иттифоқчилик муносабатлари учун номақбул эканлигини маълум қилган эди. Кейинроқ, АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Нед Прайс АҚШ махсус хизматлари Франция президенти Франсуа Олланднинг телефон суҳбатларини эшитмаслигини маълум қилди.
Маълумот учун, 23 июнь куни Libération газетаси ва Mediapart сайти томонидан WikiLeaks билан ҳамкорликда ўтказилган журналист текшируви натижалари эълон қилинди. Унда айтилишича, АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги 2006—2012 йилларда Франциянинг уч президенти — Жак Ширак, Николя Саркози ва Франсуа Олланд, шунингдек уларнинг энг яқин ёрдамчиларининг телефон суҳбатларини эшитган ва электрон хатларини ўқиган.
Изоҳ (0)