Шу кунларда Friedensdorf International халқаро ташкилоти вакиллари болаларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва уларни Германиянинг нуфузли клиникаларида даволаш учун Тошкентга келди. Германиялик шифокорлар ташрифи «Соғлом авлод учун» нодавлат ҳайрия фонди томонидан ташкил қилинди, деб хабар бермоқда «Жаҳон» ахборот агентлиги.
Ўзбекистонга ташриф чоғида хорижлик мутахассислар «Соғлом авлод учун» фонди тиббий марказида бўлдилар. Мазкур марказга Фарғона, Андижон, Наманган, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳридан 1 ёшдан 12 ёшгача хасталикка чалинган болалар олиб келинди. Улар кўп марталик шошилинч даволаниши лозим бўлган касалликлар билан оғриган ёш беморлар бўлиб, тиббий кўрик якунида Германияга даволаш учун юборилади.
«Жаҳон» ахборот агентлиги мухбири Friedensdorf International халқаро ташкилоти директори ўринбосари Мария Тиннефелд билан суҳбатда бўлди.
«Биз «Соғлом авлод учун» фонди билан 13 йилдан буён ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз. Ўзаро ҳамкорлигимизнинг асосий мақсади туғма хасталик билан туғилган ва оғир касалликларга чалинган ёрдамга муҳтож оилага мансуб бўлган болаларни ҳамда болалар уйи тарбияланувчиларини соғлигини тиклашдан иборат.
Ҳамкорлигимиз доирасида ўтган йили 40 нафар, жорий йилнинг февраль ойида эса 13 нафар турли ҳасталикларга чалинган болалар Германияга бепул операция қилиш ва даволаниш учун юборилди. Ҳозирда 20-25 нафар болани даволаш учун юборишни режалаштираяпмиз.
Пойтахтдан ташқари, Бухоро, Жиззах, Навоий, Қашқадарё, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида ҳам тиббий кўрик ўтказамиз.
Маълумки, аҳолининг муҳтож қатламини ижтимоий ҳимоя қилиш, оналар ва болалар соғлигини асраш, баркамол авлодни тарбиялаш Ўзбекистон давлат сиёсатининг усутвор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу муносабат билан, ташкилотимиз мазкур йўналишда мақсад ва вазифаларни амалга оширишда ўз ҳиссасини қўшаётганидан мамнунмиз», − деди у.
Изоҳ (0)