2015 йил 10 июнь куни ўтказилган давра суҳбатида Тошкент шаҳрида ногиронларнинг транспорт хизматларидан фойдалана олиш ҳуқуқига бағишланган мониторинг тадқиқотнинг якунлари муҳокама қилинди. Бу ҳақда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот маркази хабар қилди.
Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Ўзбекистон нодавлат ва нотижорат ташкилотлари миллий ассосиасияси ва БМТТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан ташкил этилган эди.
Ногиронларнинг транспорт хизматларидан фойдалана олиш ҳуқуқини мониторинг қилишдан асосий мақсад — ногирон инсонлар ва ҳаракати чекланган бошқа гуруҳлар учун тўсиқсиз муҳитни яратиш муаммосини ҳар томонлама ҳал қилиш учун турли даражадаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларининг эътиборини жалб қилиш ва бу соҳада вазиятни яхшилаш учун чора-тадбирларни таклиф этишдан иборат эди.
2014 йилда Тошкент шаҳрида 46 617 ногирон шахс қайд қилинган. Тошкент шаҳри бўйлаб олиб борилган мониторинг тадқиқоти шуни кўрсатди-ки, 2014 йил 1 ноябрь ҳолатига кўра Тошкент шаҳрида 454 светофор воситалари мавжуд экан. Улардан биронтаси ҳам овоз чиқарувчи воситалар билан жиҳозланмаган (кўриш имконияти чекланган йўловчилар учун). Бундан ташқари, мониторинг давомида сўровномада иштирок этган ногиронларнинг 74,7% бекат майдонларини ногиронлар учун қўшимча қийинчиликлар туғдирадиган инфратузилма объектлари сифатида баҳолашини билдирди. Бекатлар қурилишида стандартларга риоя қилинмаганлиги, бекатларда махсус техник мослашув воситаларининг, йўл кўрсатувчи тактил белгиларнинг йўқлиги аниқланди.
Мониторинг тадқиқоти натижасида аниқланган асосий муаммолар қуйидагича:
- Ўзбекистон Республикаси «Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисидаъги қонун нормалари бажарилмасдан қолди, яъни қонун тўғридан-тўғри амалга ошмади. Жумладан, ногиронларнинг транспорт воситаларидан ва коммуникацияларидан фойдаланиш жараёнидаги эҳтиёжига доир нормалар ўзининг батафсил ва аниқ ифодасини ҳуқуқий ҳужжатларда топмаган. Ногиронларнинг транспорт воситаларидан фойдалана олиш ҳуқуқи «Шаҳар йўловчилар транспорти» тўғрисидаги қонунда, Йўловчилар учун автовокзал, автостанциялар тўғрисидаги Низомларда ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда тўлиқ мустаҳкамланиб қўйилмаган;
- ижтимоий инфратузилма объектларини текшириш, назорат қилиш ва стандартлаштириш механизмлари кўзда тутилмаган. Айни пайтда, Тошкентда ногиронларнинг жамиятга интеграция қилиши учун тўсиқсиз муҳит яратиш бўйича тизим ишлаб чиқилмаган, ташкилий-услубий ва информацион қўллаб-қувватлаш таъминланмаган;
- ногиронлик учун махсус мослашувнинг йўқлиги. Жумладан, аксарият транспорт инфратузилма объектларида, давлат бошқарув органларининг биноларида ногиронлар ва имконияти чекланган инсонлар учун қулайлик яратидиган махсус мослашув воситалари, лифтлар, пандуслар ўрнатилмаган, бу эса ўз навбатида уларнинг соғлиқни сақлаш, таълим ва маданият, спорт соҳаларидаги ўз ҳуқуқларини амалга оширишга тўсқинлик қилади;
- мослаштирилган умумий фойдаланиш учун мўлжалланган траспорт воситаларнинг йўқлиги, автобус ва бошқа траспорт воситаларида югуриб турувчи қаторлар, овоз майоқлари ва бошқа ёрдам берувчи воситаларнинг йўқлиги, бу эса ногиронлар аравачасидан фойдаланувчи инсонлар, кўриш ва эшитиш имконияти чекланган инсонлар ва бошқа ҳаракати чекланган инсонларнинг эркин ҳаракат қилишига тўсқинлик қилади;
- ногиронлар учун ўз ҳуқуқларини амалга оширишда учрайдиган жиддий тўсқинликлардан бири бу – пиёдагилар учун тротуарларда, транспорт коммуникациялари —пандуслар, лифтлар ва бошқа воситалар орқали ўтиш жойларида тегишли шароитларнинг йўқлиги, бу эса ногиронларнинг фаол ва мустақил ҳаёт кечириши учун тўсқинлик туғдиради. Бунга қурилиш талаблари ва қоидаларига жавоб бермайдиган зиналарнинг борлиги, брайл ёзувидаги, катта ва ёрқин кўрсаткич белгиларнинг йўқлиги, пандусларнинг баъзи ҳолатлардагина ўрнатилиши тўсқинлик қилади.
- Тошкент шаҳрида ҳаракатланаётган 600 та Mercedes Benz Low Floor автобусларининг фақатгина 4 таси ногиронлар тўлақонли фойдаланиши учун яроқли.
Давра суҳбати давомида иштирокчилар мониторинг тадқиқоти хулосаларини қўллаб-қувватладилар ҳамда ногиронларнинг транспорт воситаларидан фойдалана олиш имкониятини ошириш учун зарур бўладиган бир қатор чораларни таклиф қилдилар:
- тўсиқсиз муҳит тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамаси қарорининг лоийҳасини ишлаб чиқиш;
- Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Омбудсман, ННТ Миллий ассоциациясининг сайтларида мониторинг тадқиқоти натижаларини чоп этиш;
- Ногиронлар учун қулай муҳитни яратиш бўйича вазиятни кузатиб бориш мақсадида Интернет фойдаланувчилари томонидан суратларни жойлаштириш учун сайт яратиш, бу жамоатчилик назоратининг ҳақиқий мисоли бўлар эди;
- «Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун нормаларини мониторинг қилиш мақсадида Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳузурида Жамоатчилик кенгашини тузиш.
2009 йилнинг февраль ойида Ўзбекистон Республикаси «Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция»ни имзолаган эди, 2014 йилнинг ноябрь ойида эса БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва Шартномавий органлари тавсияларини бажариш бўйича Миллий тадбирлар дастурини қабул қилди. Юқорида қайд қилинган Конвенцияни ратификация қилиш давлат томонидан қабул қилинган тавсиялардан бири эди.
Изоҳ (0)