Шу кунларда Ўзбекистонда меҳмон бўлиб турган Халқаро Олимпия қўмитаси президенти Томас Бах ҳамда Осиё Олимпия кенгаши раҳбари Шайҳ Аҳмад Ал Фаҳад Ал Сабаҳ Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Мираброр Усмонов ҳамроҳлигида «Бунёдкор» стадионига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда «Olamsport».
Меҳмонларни «Бунёдкор» ФК президенти Бедил Алимов ва бошқа масъул шахслар кутиб олди. Меҳмонлар «Бунёдкор» стадионидаги Ўзбекистон футболи тарихи музейи билан танишди. Стадионда яратилган шароитларни кўздан кечирди. «Бунёдкор» футбол мактаби ҳақида маълумот олди. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакилларини қизиқтирган саволларга матбуот анжуманида жавоб қайтарди.
ХОҚ президенти Ўзбекистонда ҳукумат томонидан ёш авлодни соғлом тарбиялаш учун спортга қаратилаётган юксак эътиборни алоҳида таъкидлаб ўтди. Томас Бах ўзбекистонлик спортчиларга Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтадиган олимпиада ўйинларида муваффақиятлар тилади.
Осиё Олимпия кенгаши раҳбари ҳам Ўзбекистондаги соғлом турмуш тарзига ҳавас билан қараб, бу борада мамлакат раҳбарларининг саъй-ҳаракатларига тўхталиб ўтди. Шайҳ Аҳмад Ал Фаҳад Ал Сабаҳ ўзбек халқи ҳақида гапирар экан, берган ваъдасини албатта бажаришини таъкидлаб ўтди.
«Ўз сўзига вафо қилувчи ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан ҳамкорлигимизни янада ривожлантираётганимиздан хурсандмиз», — дейди Шайҳ Аҳмад Ал Фаҳад Ал Сабаҳ.
Изоҳ (0)