2015 йилнинг 14 июнь куни Жичжао (ХХР) шаҳрида Ўзбекистон ва Хитой Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг 13-раунди бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.
Хитой томонидан ХХР ташқи ишлар вазири ўринбосари Чен Гопин бошчилигидаги делегация иштирок этди.
Мулоқот давомида икки томонлама алоқаларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари ҳамда 2013 йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистонда ва 2014 йилнинг май ойида Хитойда бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар якунида эришилган келишувларни амалга ошириш жараёни муҳокама қилинди.
Учрашувда мунтазамлик касб этган Ўзбекистон—Хитой сиёсий мулоқоти ҳамкорликнинг барча соҳаларида икки давлат ўртасидаги стратегик шерикчиликнинг серқирра муносабатларини изчиллик билан ривожлантиришга ва мустаҳкамлашга замин яратиши қайд этилди.
Ташрифнинг иккинчи куни Жичжао шаҳрида Ўзбекистон—Хитой ҳукуматлараро ҳамкорлик бўйича қўмитасининг 3-мажлиси ва Ўзбекистон—Хитой бизнес-форуми очилади. Ушбу тадбирларда савдо-иқтисодий, молия ва инвестиция соҳаларидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, 2007 йилдан буён ўзаро савдо айланмаси қарийб 6 баробарга ошиб ҳозирда 5,2 млрд. АҚШ долларидан зиёдни ташкил этади.
Учрашув давомида маданий-гуманитар ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг устувор йўналишлари юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик масалалари ҳамда глобал ва минтақавий муаммолар кўриб чиқилди.
Изоҳ (0)