Швециялик олимлар 40 ёшдан катта инсонлар беш йил ичида вафот этиши ёки этмаслигини аниқловчи Ubble номли онлайн тест ишлаб чиқди, деб хабар бермоқда «TJournal.ru».
Тестдан ўтиш учун эркаклар 13 та, аёллар 11 та саволга жавоб бериши лозим. Тест чекиш, қандли диабет, бирга яшайдиган одамлар сони, қулай юриш темпи, саратон, фарзандлари сони, ва яқин қариндошлари ўлими каби мавзуларни қамраб олган. Бироқ оғирлик, овқатланиш, алкоголь истеъмоли сингари омиллар инобатга олинмаган.
Барча саволларга жавоб берилгач, фойдаланувчига беш йил ичида вафот этиши эҳтимоли маълум қилинади. Ubble ёши ҳақиқий ёшдан анча юқори бўлса, унга ҳаёт тарзини ўзгартириш маслаҳат берилади.
Қайд этилишича, тест 500 минг нафар британиялик кўнгилли ўз соғлиғи тўғрисида 655 та саволга жавоб берган тадқиқот натижасига кўра ишлаб чиқилган. Улардан 8532 нафари беш йил ичида вафот этган. Шундан кейин олимлар саволларни қисқартирган. Кейин яна 35 минг киши синовдан ўтказилиб, 80 фоиз аниқлик қайд этилган.
Эркаклар ва аёллар учун умумий бўлган омиллар орасида чекиш, автомобиллари сони кўплиги ва юриши секинлиги ўлим эҳтимолини кучайтириши маълум бўлган. Эркаклар учун улар ўз соғлиғини қандай баҳолаши муҳим бўлса, аёллар учун саратон билан касаллангани долзарблиги аниқланган.
Изоҳ (0)