Тошкент вилояти Зангиота туманидаги Кўктерак қишлоқ фуқаролари йиғини аҳоли Ўзбекистон-1 кўчасида пайдо бўлган ахлатхонадан азият чекмоқда, деб ёзади «Telegraf.uz».
Ўша ерда яшовчи аҳолининг айтишига қараганда, ахлатхона йўқлиги сабабли одамлар каналга ахлат ва чиқиндиларни ташлаб юрган. Май ойи бошида Зангиота туман ҳокимлиги томонидан каналдаги ахлат йўл устига чиқариб ташланди. Натижада ўтиш йўли тўсилиб қолди. Бундан айниқса ёш болалар ва ёши катта инсонлар қийналмоқда. Бу ердан чиқаётган ҳиддан чекилаётган азиятни тасаввур қилиш қийин эмас.
«Ушбу вазиятдан биз жуда қийналаяпмиз. Мана қаранг, машина ўтишининг умуман имкони йўқ. Бу ерда чиқаётган ҳид шунчалик қийнаяптики, буни бир сўз билан айтиб бўлмайди. Яқинда бу ерга ўлган эшакнинг жасадини ташлаб кетишди. Мутасадди одамларга қилган мурожаатимиз жавобсиз қоляпти. Яқинда қўшниларимиз туман ҳокими ўринбосари билан шу мавзуда суҳбатлашибди. Ҳоким ўринбосари бу масалани ҳозир ҳал қилишнинг имкони йўқлигини билдирибди. Ахир, қачонгача жабр чекишимиз керак?», — деди кўктеракликлардан бири.
Изоҳ (0)