Ўзбекистонда таълим муассасалари молия-хўжалик фаолиятини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб берувчи қонунлар ва қонун-ости ҳужжатлар қабул қилинган. Бироқ бу соҳада ҳам айрим «уддабурон» шахслар мазкур ҳужжатлар талабларига зид ишларни амалга оширмоқда, деб хабар беради «Ҳуқуқ» газетаси.
Жумладан, Зарбдор туманидаги касб-ҳунар коллежларидан бирининг директори лавозимида ишлаган шахс, 2013—2014 йиллар давомида ўқитувчиларга мажбурий равишда тўлов қайдномаларига имзо қўйдириб, уларнинг 2 миллион 244 минг сўмлик иш ҳақларини ноқонуний тарзда ушлаб қолади ва бу пулларни шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборади.
Шунингдек, коллеж ихтиёрида бўлган 2 дона иситиш қозонини 10 миллион сўмга номаълум шахсларга сотиб юбориб, давлат мулкини талон-торож қилади. Нафси ҳакалак отган директор жиноий ҳаракатларини давом эттириб, коллеж балансида турган нусха кўчириш аппаратини ҳам таъмирлаш баҳонасида талон-торож қилади.
Жиноят жазосиз қолмайди. Суд ҳукми билан директорнинг қилмишига яраша жазо тайинланди.
Изоҳ (0)