Тошкентда «Мода ва дизайн – 2015» халқаро мода фестивали очилди. Унда Ўзбекистон ва хорижий давлатларнинг таниқли дизайнерлари, етакчи мода ва дизайн мактаблари вакиллари иштирок этмоқда, деб хабар берди ЎзА.
Тадбирнинг очилиш маросимида пахта толасини қайта ишлаш бўйича бой анъаналарга эга тўқимачилик ва тикувчилик-трикотаж саноати Ўзбекистон макроиқтисодиёт комплексида мустаҳкам ўрин эгаллаб келаётгани таъкидланди. Қулай инвестиция муҳити ва самарали ҳуқуқий база мавжудлиги натижасида енгил саноат корхоналари салмоқли ютуқларга эришмоқда.
Жорий йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, соҳада саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20 фоиз, халқ истеъмоли товарлари 21,2 фоизга ўсди. Айни пайтда жалб қилинган инвестициялар ҳажми 30,1 миллион долларни ташкил этиб, қиймати 194,1 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди.
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини янада яхшилаш ва уларни халқаро бозорга чиқариш масаласи соҳадаги муҳим масалалардан биридир. Буларни эътиборга олган моделерларимиз корхоналарда янги намунадаги маҳсулотларда ўз ғояларини мужассамлаштириб, замонавий либослар яратмоқда.
Уларнинг аксарияти «Мода ва дизайн – 2015» халқаро фестивалида намойиш этилаётир. Ушбу ўзига хос лойиҳа миллий мода ва мода саноатини янада ривожлантириш, янги номларни кашф этиш, ёш дизайнерлар ва соҳага алоқадор ижодкор сулолаларга кенг имкониятлар яратиш, янгидан-янги матолар ва аксессуарлар ишлаб чиқаришга қаратилган.
Янги саноат коллекцияларини яратиш мақсадида Европа ва Осиёнинг етакчи дизайн мактаблари ва компаниялари янгиликларини анъанавий ўзбек дизайн мактаби билан уйғунлаштириш халқаро фестивалнинг асосий концепциясига айлангани ҳам бежиз эмас.
Фестивальда Жанубий Корея, Сингапур, Италия, Франция ва бошқа мамлакатлардан дизайнер ва экспертлар иштирок этмоқда. Улар иштирокида ташкил этилган семинар-тренингларда мамлакатимиз моделер ва стилистлари, мода саноатининг бошқа вакиллари соҳанинг таниқли усталари билан мулоқот қилиш, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш имкониятига эга бўлди.
Фестиваль доирасида ўтказилаётган маҳорат сабоқлари юқори малакали мутахассислар тажрибасини ўрганиш, фикр ва таассуротлар билан ўртоқлашиш имконини беради. Фестивальнинг биринчи кунида иштирокчилар япон тикувчилиги услуби, жумладан, дизайни, бичими, матолари билан танишди, шунингдек, бежирим либос яратиш бўйича Жанубий Корея услубиятини ўрганди. Шунингдек, Италия ва Франциянинг таниқли дизайнерлари томонидан «Муҳташам дизайн ва Made in Italy. Гўзаллик эстетикаси» ва «Мода тенденцияси – 2016» мавзуларида семинар-тренинг ўтказилади.
– Халқаро мода ва дизайн фестивали ранг-баранг тадбирлари билан ёрқин таассурот қолдирмоқда, – деди Тегу шаҳри дизайн ва мода институти профессори Ким Ин Ог (Жанубий Корея). – Биз семинар-тренинг ва маҳорат сабоқларида иштирок этиб, моданинг миллий ва замонавий услублари, йўналишларини муҳокама қилдик. Ушбу тадбир ёш ўзбек дизайнерларининг интилувчанлиги ва изланувчанлигини яна бир бор намоён этди.
Фестиваль доирасида ўтказилган тадбирда «Ўзбекенгилсаноат» давлат акциядорлик компанияси корхоналари ва мамлакатимизнинг таниқли дизайнерлари томонидан яратилган бежирим либослар намойиш этилди. Эркаклар, аёллар ва болалар учун мўлжалланган байрамона ва кундалик либослар мухлислар эътиборига ҳавола қилинди. Турфа ранг, нақш ва бичимлар мутаносиблиги халқимизнинг бой маданий мероси ва гўзалликка интилишидан далолат беради.
– Ўзбекистон ноёб нақш ва ранглар билан безатилган либослар дизайнини тайёрлаш, уларни қўлда ва машинада тикиш борасида ўз анъаналарига эга, – дейди Coralie Amsellem компанияси дизайнери Бриолин Кристофе (Франция). – Шу боис мамлакатингиз билан ҳамкорлик қилиш бизда катта қизиқиш уйғотмоқда. Ўзаро ҳамкорлик ўзбек миллий нақшлари туширилган ўзига хос янги матолар коллекцияларини яратиш имконини беради.
Фестивальда халқаро дизайнерлар, жумладан, Frank Boclet ва Francsorbie брендларининг (Франция) эркаклар либослари коллекциялари, Incanto компанияси (Италия) трикотаж кийимлари, дизайнер Сета Ичиро (Япония) ва бошқаларнинг турли маҳсулотлари намойиш қилинди.
– Тошкент мода ва дизайн фестивали ўзбек дизайнерларининг жаҳон саҳнасига чиқиши учун яна бир имкониятдир, – деди Setaichiro бренди дизайнери ва асосчиси Сета Ичиро (Япония). – Бундай кенг кўламли тадбир мода ва дизайн соҳасида халқаро тажриба алмашиш имконини беради. Фестиваль Ўзбекистон миллий брендини халқаро миқёсда шакллантириш ва намоён этиш борасида ўзига хос имконият яратади.
Фестиваль миллий мода ва дизайн соҳасини юксалтириш, дизайнерларимизнинг халқаро даражага чиқиши, миллий анъаналаримизни асраб-авайлаш ва тарғиб этиш, шунингдек, соҳада халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қиладиган муҳим воқеага айланди.
Изоҳ (0)