Ёши 30 дан ошган, турмушидан ажрашган аёл оилали, уч фарзанднинг отаси бўлган эркак билан танишиб, норасмий тарзда эр-хотин бўлиб яшаб юрди, деб ёзади «Uz24.uz».
«Ҳуқуқ» газетасининг ёзишича, тайинли турар жойи, бирор касб-кори бўлмаган бу аёл Самарқанд шаҳрида яшовчи бир аёлнинг уйидан бошпана топди. Эркак ҳам норасмий «хотини»нинг олдига келиб-кетиб аёлнинг анча ишончини қозонди.
Кунларнинг бирида икковлон яшаб турган хонадонидан тиллаларни ўғирлашни режа қилди. Эртаси куни машъум режани амалга ошириш учун дорихонадан икки ампула «димедрол» сотиб олди. Ампулани сутга аралаштириб аёлга ичиришди. Улар аёлнинг ухлашини сабрсизлик билан кута бошлади.
Аёл уйқуга кетса-да, дори таъсириданми ёки бошқа сабаб туфайлими, дам ағдарилиб, дам қимирлаб ётарди. Бу эса «хотин»нинг асабини буза бошлади. У ошхонадаги темир кружкани олиб аёлнинг юзига зарб билан туширди. Дабдурустдан тушган зарба аёлнинг ҳушини учирди ва чинқириб юборди.
У чаққонлик билан аёлнинг бўйнидан бўғди. Икковлашиб аёлни ҳушидан кетказишди. Эркак олдиндан тайёрлаб қўйган чангютгичнинг сими билан аёлнинг қўл-оёқларини қайириб боғлади. Кейин эса шафқатсизлик билан унинг бўйнидан бўғди. Азобдан типирчилаётган аёлнинг оғзи-бурнини сочиқ билан боғлаб ташлашди. Шу тахлит инсон зотига хос бўлмаган бир ваҳшийлик билан арзимаган бойлик учун бир инсоннинг умрига зомин бўлишди.
Шундан сўнг, уйдаги бор тилла тақинчоқларни, қимматбаҳо нарсаларни, умумий ҳисобда 17 млн 340 минг сўмлик буюмларни олиб чиқиб кетишди. Тиллаларнинг бир қисмини тилла буюмлар савдоси дўконига сотиб, Тошкент шаҳрига қараб йўл олишди. У ерга бориб бозордан истаган кийимларини харид қилишди. Кейин эса бу ерлардан узоққа қочиб, Россияга кетишнинг йўлини ахтара бошлашди. Аммо улар вақтида қўлга олинди.
Суд ҳукми билан аёл 15 йил, эркак эса 18 йилу 6 ой озодликдан маҳрум этилди.
Изоҳ (0)