«Ўзбекистонда касб-ҳунарга ўқитиш имкониятини ривожлантириш» лойиҳаси доирасида Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) иштирокида Тошкент шаҳрида ташкил этилган Касб-ҳунарга ўқитиш марказига ўқувчилар қабул қилинади. Бу ҳақда лойиҳа ташкилотчилари «Дарё»га маълум қилди.
Марказда ўқиш (касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш) қуйидаги асосий йўналишлар бўйича бепул амалга оширилади – автомобилларни таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш (авточилангарлар, моторчилар, автомобиллар диагностикаси бўйича мутахассислар), машинасозлик ишлаб чиқариши (токарлар, фрезерчилар, металлга ишлов бериш мутахассислари), электр ва электроника (маиший техника, радио ва телеаппаратларни таъмирлайдиган мутахассислар), ахборот технологиялари (ҳисоблаш машиналари операторлари, компьютер ва бошқа ташкилий техникага хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш бўйича мутахассислар).
Марказда касб-ҳунарга ўқиш муддати 10 ой, шундан Марказда ўқиш – 6 ой, ишлаб чиқариш амалиёти – 4 ой.
Шунингдек, Марказда юқорида қайд этилган мутахассисликлар бўйича шартнома асосида корхоналарнинг ишчи-ходимлари ҳамда Ўзбекистоннинг меҳнат бозорида талаб катта бўлган касблар бўйича иш излаётган шахслар пуллик асосда қисқа муддатда ўқитилади, қайта тайёрланади ва малакаси оширилади.
Касб-ҳунарга ўқитиш марказига ҳужжатлар ўқиш истагини билдирганларнинг ихтиёрий танловига мувофиқ туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказининг йўлланмаси асосида қабул қилинади.
Тошкент шаҳар Касб-ҳунарга ўқитиш марказининг битирувчиларига эгаллаган касби (мутахассислик) бўйича меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи давлат намунасидаги диплом (сертификат) берилади. Ҳужжатлар 2015 йил 15 майдан 15 июнгача қабул қилинади.
Изоҳ (0)