Тошкентдаги Мустақиллик ва Оққўрғон кўчалари чорраҳасида йўл-патрул хизмати автомобили йўл ҳаракати қоидаларини бузгани акс этган видео Facebook’даги «Водители Ташкента» гуруҳига жойлаштирилди.
Автомобиль видеорегистратори орқали ёзиб олинган лавҳада давлат рақами 01 445 VSD бўлган йўл патрул хизмати машинаси йўлнинг энг чапдаги бўлагидан келишига қарамай светофорнинг қизил чироғига тўхтамай, ўнгга қайрилиб ўтиб кетгани кўриниб туради. Бу вазиятда автомобилнинг махсус маёғи ҳам, сиренаси ҳам ёнмаган. Ушбу ҳодиса 2015 йил 6 май куни соат 12:46 да рўй берган.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини тасдиқлаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси қарорининг 7.1 бандига мувофиқ, кўк рангли ялт–ялт этувчи чироқ–маёқчаси ва (ёки) махсус товушли ишораси ёқилган тезкор ва махсус хизмат транспорт воситаларининг ҳайдовчилари кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажараётиб, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш шарти билан қоидаларнинг баъзи бандларидан четга чиқишлари мумкин. Кўк рангли чироқ маёқчага қўшимча қизил рангли чироқ–маёқча ҳам ёқилиши мумкин. Бошқа йўл ҳаракати қатнашчиларига нисбатан имтиёзга эга бўлишлари учун бундай транспорт воситаларида ялт–ялт этувчи чироқ маёқча ва (ёки) махсус товушли ишораси ёқилган бўлиши шарт. Улар ўзларига йўл берилаётганлигига ишонч ҳосил қилганларидан сўнггина имтиёздан фойдаланишлари мумкин.
Маълумот учун, светофорнинг қизил чироғига тўхтамаслик учун энг кам иш ҳақининг икки баравари (236 800 сўм), йўл белгиларига амал қилмаганлик учун эса 50 фоизи (59200 сўм) миқдорида жарима белгиланади.
Изоҳ (0)