Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бош котиби Пан Ги Мун ўзидан кейин ушбу лавозимни аёл киши эгаллаши керак, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда унинг расмий вакили ўринбосари Фарҳан Ҳақ маълум қилди, деб хабар бермоқда ТАСС.
«Қатор тадбирлар давомида Пан Ги Мун бир неча марта бош котиб лавозимини аёл киши эгаллайдиган вақт келганини айтиб ўтган. У кўплаб юқори лавозимларда, жумладан БМТда ҳам ишлайдиган аёллар билан учрашув ўтказади. Бироқ сайловларда қатнашиш уларнинг ўз хоҳишларига боғлиқ», — деди бош котиб вакили.
БМТ бош котиблигига эҳтимолий номзодлар сифатида БМТ Ривожланиш дастури раҳбари Ҳелен Кларк, ЮНЕСКО ижрочи директори Ирина Бокова, Чили ва Литва президентлари Мишель Бачелет ва Даля Грибаускайте, Дания бош вазири Хелле Торнинг-Шмидт кўрсатилади.
Маълумот учун, жанубий кореялик дипломат Пан Ги Мун БМТ бош котиби лавозимини 2007 йил 1 январда эгаллаган бўлиб, 2016 йил 31 декабрда унинг иккинчи ваколат муддати тугайди ва у учинчи марта ўз номзодини қўйиш ҳуқуқига эга эмас.
Изоҳ (0)