Таиландда теннис бўйича ўсмирлар терма жамоалари ўртасида Осиё ва Океания (Asia/Oceania Final Qualifying WJT Girls) чемпионати бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ўсмир қизлар терма жамоаси ҳам иштирок этди. Бироқ уларнинг иштироки омадсиз чиқди, деб хабар бермоқда Olamsport.com.
14 ёшгача бўлган теннисчилардан таркиб топган Ўзбекистон терма жамоаси аввалига «С» гуруҳининг барча учрашувларида мағлубиятга учради. Ясмина Каримжонова, Милана Масленкова ва Валентина Шлейндан иборат Ўзбекистон термаси гуруҳда Австралия, Таиланд ва Гонконгга бир хил 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди.
9-16-ўринлар учун кечган баҳсда эса Ўзбекистон вакилалари Қирғизистон терма жамоасига 1:2 ҳисобида ютқазди. Ниҳоят Филиппин ва Қозоғистон терма жамоасини 2:1 ҳисобида таслим этди. Якунда Ўзбекистон терма жамоаси 16 иштирокчи жамоа орасида 13-ўрин билан чекланди.
Япония биринчи, Хитой иккинчи, Янги Зеландия терма жамоаси учинчи ўринни эгаллади. Финал учрашувида Кунчиқар юрт вакилалари Чин юрти жамоасидан 2:1 ҳисобида устун келди. Бронза учун баҳсда эса оролликлар Ҳиндистонни худди шу ҳисобда енгди.
Изоҳ (0)