Францияда дунё бўйича иккинчи бўлиб сунъий юрак қўйдирган эркак оламдан ўтди, деб хабар беради «Сегодня.ua».
Бу ҳодиса операциядан 9 ой ўтиб содир бўлди. 69 ёшли эркак 1 май куни етарли даражада қон айланмаслиги туфайли касалхонага олиб келинди. 2 май куни шифокорлар унинг сунъий юрагини алмаштирди, аммо ўша куни тунда бемор вафот этди.
Carmat компанияси келажакда табиий юракни сунъийсига алмаштиришга рози бўлган бошқа беморларнинг ҳаётини хавфдан холи этиш мақсадида ўлим сабабларини ўрганишини маълум қилди.
Илк бор Carmat юракларини ўрнатиш операцияси 2013 йилнинг 18 декабрида бўлиб ўтганди. 76 ёшли эркак операциядан сўнг 75 кун яшади. 2015 йилнинг апрелида сунъий юракни кўчириб ўтказишнинг учинчи операцияси ҳам муваффақиятли ўтгани хабар қилинди.
Ишлаб чиқарувчилар сунъий юрак қўйилган одам донор топилгунча, 5 йил давомида нормал ҳаёт тарзини кечириши мумкинлигини таъкидламоқда.