Ўзбекистон Республикасини 2015 йилнинг I чорагида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари эълон қилинди, дея хабар бермоқда ЎзА.
Жаҳон бозорида конъюнктурани олдиндан тахмин қилиб бўлмаслиги ва унинг беқарорлиги кучайиб бораётганига қарамасдан, ташқи бозорда харидоргир маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ва турларини кенгайтириш, уларнинг рақобатбардошлигини ошириш ва экспортчи корхоналарни ўз маҳсулотларини ташқи бозорга чиқаришда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли чора-тадбирларнинг амалга оширилиши экспорт ҳажмини 13,9 фоиз ошириш имконини берди.
Жорий йил бошидан буён 146 янги корхона экспорт фаолиятига жалб этилди, газ, электр ва комбинацияланган маиший плиталар, янги турдаги кабел-ўтказгич маҳсулотлар, автомобиль ўриндиқлари, автомобилларнинг штампланган ва пайвандланган деталлари, суюқ ва газсимон аргон, лок-бўёқ маҳсулотлари, гигиена буюмлари, консерваланган мева-сабзавот маҳсулотлари каби қиймати 40 миллион доллардан ортиқ янги турдаги 102 товарни экспорт қилиш ўзлаштирилди.