2015 йил 2 май куни Lotte City Hotel Tashkent Palace меҳмонхонасида имконияти чекланган болаларнинг устозлари ва тарбиячилари ёрдамида тайёрлаган ижодий ишлари 14-хайрия кўргазмаси бўлиб ўтди, деб хабар беради «Камолот» ЁИҲ ахборот хизмати.
«Мўъжизалар даври» 14-хайрия кўргазмаси имконияти чекланган болаларни қўллаб-қувватлаш Маркази ва уларнинг «Умидворлик» оиласи ёрдамида ўтказилди. Жорий йилги хайрия кўргазмаси ёшлар ижтимоий ҳаракати «Камолот» томонидан қўллаб-қувватланди.
Кўргазмада имконияти чекланган болаларнинг манфаатларига йўналтирилган комплекс дастурларни амалга ошираётган 20 та ташкилот: болалар уйи, махсус мактаб ва интернатлар ҳамда жамоат ташкилотлари иштирок этди.
Хайрия кўргазмасида 1000 дан ортиқ иш: расмлар, юмшоқ ўйинчоқлар, зардўзи буюмлар, батик, мунчоқли буюмлар, аппликация, каштадўзлик буюмлари ва бошқа турфа ишлар тақдим этилди.
Кўргазма давомида болалар учун профессионал артистлар чиқишлари, шунингдек, болаларнинг ўзлари иштирокидаги қизиқарли шоу-дастурлар тақдим этилди.
Хайрия кўргазмасида йиғилган барча маблағлар иштирокчи-ташкилотларга болаларнинг ижодий қобилиятларини ривожлантиришга қаратилган фаолиятни олиб бориш учун берилади.
Изоҳ (0)