1 май куни Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати ташаббуси билан Самарқандда биринчи марта «Фавворалар сайли» бўлиб ўтмоқда, деб хабар беради «Газета.uz».
Тадбирлар Самарқанддаги 8 та фаввора ҳамда Пайариқ, Челак, Ургут, Нуробод ва Жума шаҳарларида ташкил қилинди. Байрам дастурлари соат 10:00 дан 14:00 гача ва 17:00 дан 20:00 гача ўтказилди.
Алишер Навоий номидаги Самарқанд Давлат университети жамоаси Университет хиёбонида байрам ташкил қилди. 150 йиллик хиёбон бўйлаб СамДУ маъмурияти ва факультет бинолари жойлашган.
Ташрифчиларга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Жавод Козимов бошчилигидаги СамДУ талабаларининг бадиий ҳаваскорлик гуруҳи чиқишлари, рассомчилик кафедраси ўқитувчилари ва талабаларининг кўчма кўргазмалари, курашчиларнинг чиқишлари, олий ўқув юрти шахматчилари ва шашкачиларининг ўйинлари ҳамда гуллар кўргазмаси намойиш қилинди.
Байрамда СамДУ ўзбек филологияси факультетининг «Шалола» ёш шоирлар клуби иштирок этди. Бундан ташқари, Ўзбекистон халқ шоираси Зулфия Мўминова билан учрашув ўтказилди.
Эслатиб ўтамиз, «Фавворалар сайли» Тошкентда 14 та нуқтада бўлиб ўтди.
Изоҳ (0)