Қашқадарё вилояти божхоначилари томонидан «Қарши» халқаро аэропортида учувчисиз учиш қурилмасини яширин равишда олиб киришга бўлган уринишнинг олди олинди. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати хабар берди.
Москва−Қарши авиарейси бўйича парвозини якунлаган фуқаро Қурбоновага тегишли қўл ва юк сумкалари у томонидан тўлдирилган йўловчи божхона декларациясида қайд этилган маълумотлар асосида ва холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада, юклар орасига божхона баённомасида қайд қилинмаган ҳамда амалдаги тартибларга мувофиқ, республикамиз ҳудудига олиб кирилиши та’қиқланган учувчисиз учиш қурилмаси яширилганлиги фош бўлди.
Тегишли суд идораси ҳукмига кўра, ҳуқуқбузарликни содир этган шахсга нисбатан 592 000 сўм жарима белгиланиб, вақтинча сақловга олинган ZYMA X5C русумидаги муқаддам фойдаланилган учиш қурилмаси белгиланган тартибда йўқ қилинди.
Эслатиб ўтамиз, давлат хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасининг ҳаво бўшлиғида учувчисиз учиш қурилмаларидан санкциясиз фойдаланишда огоҳлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2014 йил 26 ноябрдаги қарори билан 2015 йил 1 январдан бошлаб, мамлакатимиз ҳудудига учувчисиз учиш аппаратларини (ТИФ ТН коди: 8802 20 000 0) олиб кириш, реализация қилиш ва фойдаланиш тақиқланган.
Шунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил 26 январда 2606-1 рақам билан рўйхатдан ўтказилган «Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш ва расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги йўриқномага кўра божхона чегараларини кесиб ўтиш вақтида тўлдириладиган йўловчи божхона декларацияси орқа томонидаги эслатманинг 1-бандидаги «Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши тақиқланган товарлар рўйхати»га учувчисиз учиш аппаратлари ҳам киритилган.
Изоҳ (0)