Молия вазирлиги ва Марказий банкнинг 2015–2017 йилларда давлат-тижорат Халқ банкининг устав капиталини 185 миллиард сўмга ошириш ва унинг умумий ҳажмини 385 миллиард сўмга етказиш тўғрисидаги таклифи Ўзбекистон раҳбарининг шу йил 25 мартдаги «Ўзбекистон Республикаси давлат-тижорат Халқ банкининг капиталлаштириш даражасини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан тасдиқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг расмий сайтида хабар берилди.
Мазкур ҳужжат Халқ банкининг капиталлашиш даражасини янада ошириш, умумқабул қилинган халқаро норма ва стандартларга мослаштириш ҳамда аҳоли омонатларининг ишончли ва кафолатли ҳимоясини таъминлаш мақсадида қабул қилинди.
Банк акциялари амалдаги акциядорларнинг улушига мутаносиб равишда – Молия вазирлиги (51 фоиз) ва Марказий банк (49 фоиз) ўртасида тақсимланади.
Банкнинг ўз фойдасини капиталлаштириш, тақдим этиладиган солиқ имтиёзлари, бўш қоладиган маблағларни мақсадли йўналтириш орқали Молия вазирлигининг улушини шакллантириш, қисман давлат бюджети, шунингдек, Марказий банк фойдасининг республика бюджетига йўналтириладиган бир қисми ва ўз маблағлари Халқ банки устав капиталини қўшимча шакллантириш манбалари сифатида белгиланди.
Банк капиталини ошириш банк фаолиятида иқтисодиётнинг базавий тармоқлари, кичик тадбиркорлик субъектлари ва аҳолини кредитлаш кўламини кенгайтиришга шароит яратади.
Халқ банки кўпшахобчали йирик банклардан саналади ва республиканинг ҳар бир туманида ўз филиалларига эга. Шу йилнинг 31 март ҳолатига кўра, кредит ташкилотининг чекка ва бориш қийин бўлган манзилларда 32 та минибанки ва 1332 та қўшимча муассасаси фаолият кўрсатмоқда.
Ҳозирги вақтда банк активлари 3063 миллиард сўм, депозит базаси 2428 миллиард сўм, кредит портфели 1652 миллиард сўмни ташкил этади.
Изоҳ (0)