Самарқанднинг «Динамо» клуби бош мураббийи Тачмурад Агамуродов Ўзбекистон чемпионатининг савияси борасида ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Унинг фикрича, чемпионат доирасидаги ўйинлар ҳалол тарзда ўтса, бу савиянинг ошишига ва футболчиларнинг ўсишига сабаб бўлади, деб хабар беради «Uff.uz».
«Ўзбек футболида салбий ҳолатларнинг ҳам юз берганлиги сир эмас. Лекин жорий мавсум элита клубларнинг барча мураббийлари ҳалол ўйин намойиш этиш хусусида келишувга эришиб, бу ҳақдаги ҳужжатга имзо чекди. Шунинг ўзи кўп нарсадан далолат беради.
Олий лига савияси ошса, муросасиз курашларга бой ўйинлар сони кўпаяди. Бундан биринчи навбатда, биз – мутахассислар манфаатдормиз. Чунки учрашувлар ҳалол тарзда ўтса, миллий чемпионат савияси, футболчиларнинг маҳорати ошади. Натижада терма жамоаларнинг ҳам ижобий фаолияти учун замин ҳозирланади.
Терма жамоаларнинг натижалари ички чемпионат савияси билан боғлиқлигидан кўз юмиб бўлмайди. Чунки Ўзбекистон миллий жамоасининг асосий футболчилари олий лига клубларида тўп суради. Тўғри, терма жамоада хорижда ўйнайдиган легионерлар ҳам бор. Лекин улар озчиликни ташкил этади», – дея мураббийнинг сўзларидан иқтибос келтиради «Интерфутбол» газетаси.
Изоҳ (0)