Жорий йилнинг 4−5 апрель кунлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият олиб бораётган католик, арман ва протестант черковларида Пасха байрами нишонланди. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита расмий сайти хабар берди.
Рим-католик черковларидаги асосий ибодат маросими Тошкент шаҳридаги Рим-католик марказида бўлиб ўтди. Ибодат маросимини епископ Е.Мацулевич олиб борди.Самарқанд шаҳридаги Арман апостоллик черковида Пасха байрамига бағишланган тадбир черков руҳонийси А.Лорецян томонидан олиб борилди.Пасха байрамини Ўзбекистонда протестант йўналишига оид диний ташкилотлар ҳам нишонладилар.
Айни пайтда қайд этиб ўтиш лозимки, шу кунларда яҳудий диний жамоаларида ҳам 3 апрель куни кечқурун бошланган Пейсах байрами нишонланмоқда (байрам 8 кун давом этади).
Шунингдек, 3 апрель куни Чирчиқ шаҳридаги «Иегов гувоҳлари» черковида ҳам мазкур дин вакилларининг Исо Масиҳнинг ўлимига бағишланган тадбири ташкил этилди.
Олинган маълумотга кўра, байрамни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича жойларда белгиланган тартибда тадбирлар режаси ишлаб чиқилган бўлиб, уни амалга ошириш юзасидан барча зарур чоралар кўрилган. Жумладан, диний ташкилотлар ва қабристонлар жойлашган ҳудудлар ободонлаштирилиб, жойларда ёнғин хавфсизлиги ва тиббиёт хизмати ходимларининг узлуксиз навбатчилиги ташкил этилди.
Барча ҳудудларда байрам ибодатлари тинч-осойишта, тартибли ўтказилди.
Изоҳ (0)